Ҳар бир лойиҳа иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режа ва дастурлар билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 9 ноябрь куни Самарқандга келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режа ва дастурлар билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида 9 ноябрь куни Самарқандга келди.Давлатимиз раҳбари Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуада олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкаллари очилди.
Айни пайтда Ислом Каримов дафн этилган ёдгорлик мажмуаси ҳудудида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимиз вилоятга аввалги ташрифлари чоғида мақбара қурилишини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Ўтган вақт мобайнида бу ерда бажарилган кенг қамровли ишлар натижасида мажмуа яхлит меъморий ансамблга айланди. Мақбара атрофида Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун ҳолда миллий услубдаги айвонлар барпо этилди. Йўлаклар атрофи мармар панжара билан қопланди, зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида замонавий лифтлар ўрнатилди.
Зиёратга келувчиларга йилнинг тўрт фаслида ҳам қулай бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Атрофдаги йўлаклар таъмирланиб, автомобиллар тўхташ жойи барпо этилди. Шоҳи Зинда қабристони деворлари реконструкция қилиниб, ҳудуди ободонлаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари мажмуадаги шароитларни янада яхшилаш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.
Президентимиз Самарқанд шаҳридаги собиқ лифтсозлик заводи ҳудудида ташкил этилган янги саноат мажмуасида бўлиб, вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди. Дастлаб енгил саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14-15 апрель кунлари вилоятга ташрифи чоғида берилган топшириқлар асосида 2017-2018 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган 19 лойиҳа бўйича изчил ишлар бажарилмоқда.
“Сам Рафоат текстиль”, “8 март”, “Иман текс”, “Самарқанд Евро Азия текстиль”, “Амин инвест интернейшнл”, “Мароқанд сифат” каби корхоналарда тайёрланаётган тикув-трикотаж маҳсулотлари, бўялган трикотаж мато ва кийим-кечаклар ички бозордан ташқари экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Бу корхоналар салоҳиятини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини бераётир.
Айни пайтда Пастдарғом, Самарқанд, Булунғур, Оқдарё туманларидаги қатор корхоналарда янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг натижасида жинси мато, жинсидан тайёр кийим-кечак, янги турдаги вельвет, мебель газламалари, аралаш ва синтетик матолар ишлаб чиқариш ҳажми кенгаяди.
Шавкат Мирзиёев соҳада яратиладиган ҳар бир ишчи ўрни муҳим экани, бу корхоналар истиқболини белгилаш ва аҳолини доимий иш билан таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шу ерда терини қайта ишлаш, чарм-пойабзал ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари “Ideal elektroluks” Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган маиший техника жиҳозлари, “Sino” акциядорлик жамиятида тайёрланаётган музлаткич ва совуткичларни кўздан кечирди. Маҳсулотларга ташқи бозорда харидор топиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш юзасидан топшириқлар берди.
Президентимизга 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, умумий қиймати 5,2 триллион сўмлик 2020 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади, 19 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Мазкур дастур ижроси самарасида келгусида аҳоли даромадларини 2 баробар, саноат маҳсулотлари ҳажмини 1,7, хизмат кўрсатиш ҳажмини 1,8, пудрат ишлари кўламини 1,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 1,4 марта ошириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини қисқартириш, айни пайтда 2018 йилга мўлжалланган режалар тузиш зарурлигини таъкидлади. Бунда хорижлик инвесторларни кенгроқ жалб қилиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш лозим.
Вилоятда автомобилсозлик, электротехника, фармацевтика соҳаларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳам маҳсулотлар турларини кўпайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш имконини беради.
Самарқанд вилоятида ер ости бойликлари кўп. Жумладан, керамик плиткалар, цемент, табиий пардозбоп тошлар, металлни рухлаш ва полимерзациялашда ишлатиладиган қазилма бойликлар захиралари мавжуд.
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан мазкур йўналишда келгусида 100 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, ушбу мақсадлар учун асосан хорижий инвестициялар жалб қилинади.
Бугунги кунда вилоятдаги кареьрлардан тўлиқ фойдаланиб, қурилишбоп ашёлар қазиб чиқариш кўпайтирилмоқда. Биргина Нуробод туманида Туркия билан ҳамкорликда 25 миллион доллар эвазига 500 минг кубометр газоблок ишлаб чиқариш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев белгиланган лойиҳалар вилоят салоҳиятига мос эмаслиги ва бу борада янада самарали лойиҳаларни ўзлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Пахтачи, Каттақўрғон, Нарпай туманларида ҳали фойдаланилмаган қанчадан-қанча бойликлар мавжуд, деди давлатимиз раҳбари. Бу ҳудудларда геологик изланишлар олиб бориш, четдан инвесторларни жалб қилган ҳолда янги конларни ўзлаштириш лозим. Бу сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш билан бирга, юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
2017-2018 йилларда Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантириш дастури бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Дастурга биноан 2018 йил вилоятда 19 меҳмонхона қурилиб фойдаланишга топширилади. Натижада соҳада мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Самарқанд шаҳрида қўшимча меҳмонхоналар қуриш учун ўндан ортиқ жой танланган. Жумладан, Туркиянинг “APEAS” компаниясига 20 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига 4 юлдузли меҳмонхона қуриш учун ер ажратиб берилган. Замонавий меҳмонхоналар билан бирга хорижий сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотадиган уй меҳмонхоналар тизимини барпо этиш режалаштирилган.
Президентимиз жорий йилда хориждан келган сайёҳлар вилоят иқтисодиётига келтирган фойда бошқа кўплаб соҳалардагидан юқори эканини таъкидлади. Вилоятда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, иқтисодиёт тараққиётига янгича суръат бериши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифлари чоғида берган кўрсатмалари асосида Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивини ободонлаштириш, янги автомобиль йўли очиш, шаҳар аҳолиси ҳамда сайёҳлар учун замонавий хизмат кўрсатиш объектлари ва меҳмонхоналар барпо этиш мўлжалланмоқда.
Вилоят туризмига тааллуқли яна бир йирик лойиҳа – Амир Темур кўчасидаги собиқ “Алпомиш” заводи ҳудудида барпо этиладиган “Самарқанд-Сити” туристик зонасидир. Шунингдек, Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида ҳам замонавий сайёҳлик шаҳарчаси барпо қилинади.
Президентимиз хорижлик мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган сайёҳлик масканлари лойиҳалари билан танишар экан, туристик хизматларга бўлган талаб ошиб бораётганини инобатга олиб, сайёҳлар учун барча шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев шу ерда замонавий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан туркиялик ишбилармонлар билан суҳбатлашди.
Лойиҳалар билан танишув чоғида Президентимиз қишлоқ хўжалигида янги тармоқ – ёнғоқ етиштиришни кўпайтириш, бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ўзимизга хос боғдорчилик маданиятини шакллантириш, бугунги кунда дунё бозорида талаб юқори бўлган ёнғоқ маҳсулотлари экспортини ривожлантириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида чорвачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Шу куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президентимиз тавсиясига кўра, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.