Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 19:04 Чоп этиш версияси

Беларусь Президенти Ўзбекистонга келди

Беларусь Президенти Ўзбекистонга келди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Беларусь Президенти Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Александр Лукашенко ушбу муҳташам майдон Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини, халқимизнинг бунёдкорлик ва фаровонлик йўлидаги эзгу интилишларини акс эттирувчи ноёб мажмуа эканини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 13 сентябрга мўлжалланган.

Аввал хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтадиган музокараларида Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий, инвестиция, фан ва таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган асосий йўналишларини белгилаб олиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали дўстона алоқаларга янги суръат бағишлашга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташриф дастуридан Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводидаги «Амкодор-Агротехмаш» қўшма корхонасининг очилиш маросими, "Беларусда ишлаб чиқарилган" миллий кўргазмаси, шунингдек, атоқли беларусь адиби Якуб Колас хотирасига атаб бунёд этилган ёдгорликни зиёрат қилиш ва бошқа тадбирлар ўрин олган.

ЎзА