ЎзА Ўзбек

12.11.2012 21:36 Чоп этиш версияси

Адвокатура институтини такомиллаштириш йўлида

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида адвокатуранинг ўрни мунтазам мустаҳкамланмоқда. Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида “Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” тамойилига асосланган сиёсат амалга оширилаётганининг ёрқин далилидир.

Мамлакатимизда адвокатура институтини такомиллаштиришга доир ислоҳотларга бағишланган “Ҳуқуқий давлатда адвокатуранинг ўрни” мавзуида Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда депутатлар, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий ўқув юртлари вакиллари, экспертлар, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси А.Раҳимов ва бошқалар мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 60 дан ортиқ асосий ҳужжатларига қўшилгани, ушбу ташкилотнинг бу борадаги олтита асосий халқаро шартномасининг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланганини таъкидлади. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш мақсадида ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилаётганининг кафолатидир. Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши адвокатура институти ҳамда адвокатлик фаолиятининг мустаҳкам қонунчилик базасини яратишда муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида Адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг бу борадаги ўрни ҳамда аҳамияти алоҳида таъкидланди. Мазкур ҳужжатлар суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, фуқароларнинг суд жараёнининг ҳар қандай босқичида профессионал ҳуқуқий ёрдам олиш ҳуқуқини белгилайдиган конституцион нормани амалга ошириш, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлаш ва унинг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда адвокатлик фаолиятининг бугунги аҳволига тааллуқли, чунончи, жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш, ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларнинг суд ишида иштирок этишига йўл қўйилмасликка қаратилган томонлар вакиллиги институтини такомиллаштириш, шунингдек, адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига риоя этишини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш масалалари юзасидан мутахассисларнинг фикрлари тингланди.


ЎзА, С.Тожиев
8 410