Қадимий дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқда
Мамлакатимизга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди.
Мамлакатимизга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди.Шу муносабат билан Тошкент вилоятининг “Ғишткўприк” божхона постида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Турдиқулов ва бошқалар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари йилдан-йилга ривожланиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар юксалиб бораётганини таъкидлади. Азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келаётган ўзбек ва қозоқ халқларининг тарихи, тили, урф-одат, анъана ва қадриятлари ҳам ўхшаш.
Делегация аъзолари дастлаб пойтахтимизда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ҳазрати Имом жомеъ масжиди билан танишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири М.Шокиров меҳмонларга мажмуанинг тарихи, мустақиллик йилларида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли тиклаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, мажмуада жойлашган тарихий обидалар ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг меҳмонлар халқимизнинг муқаддас ислом динига оид бой маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг асарларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, шу соҳада илмий-назарий тадқиқотлар олиб бориш, замон талаблари даражасида малакали мутахассислар тайёрлаш, уларга зарур шароитлар яратиш, шунингдек, аждодларимиздан қолган ноёб манбалар асосида тадқиқ этилган маълумотларни халқимизга етказишга хизмат қилаётган Тошкент ислом университетида бўлди.
Тошкент ислом университети тарих кафедраси мудири С.Аъзамхўжаев университет фаолияти, шу атрофда жойлашган Юнусхон мажмуаси, Қалдирғоч бий ва унинг устози Шайхонтоҳур мақбаралари тарихи тўғрисида гапириб берди.
– Ўзбек ва қозоқ халқлари ҳамиша бир-бирига елкадош бўлган, суянган, – дейди Қозоғистон делегацияси вакили, иқтисод фанлари доктори Б.Сериков. – Вақт синовидан ўтган ушбу дўстлик ришталари мустақиллик йилларида янада мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистонга ташрифимиз мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий тадбир – Президент сайлови кунига тўғри келгани учун делегациямиз Тошкентдаги 307-, 514-, 687-сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлди. Шунга амин бўлдикки, сайловга тайёргарлик жараёни билан боғлиқ барча масалалар коллегиаллик асосида йўлга қўйилган. Сайлов участкалари жойлашган бинолар атрофини ободонлаштириш, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва бошқа ташкилий масалаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари яқиндан кўмаклашгани бизда катта таассурот қолдирди. Ҳар бир сайлов участкасида имконияти чекланган фуқароларга ҳам барча қулайлик яратилган. Саломатлиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш куни участкага келолмайдиган сайловчилар учун кўчма қутидан фойдаланиш имконияти яратилгани таҳсинга сазовор.
Делегация аъзолари XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур ташаббуси билан бунёд этилган, кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан қурилиши якунига етказилган Зангиота мажмуасини зиёрат қилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов мажмуа тарихи, мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари туфайли мажмуа бутунлай янги қиёфа касб этгани, зиёратчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳақида сўзлаб берди.
Меҳмонлар Зангиота туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан таништирилди. Улар Ўзбекистонда замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, муҳташам турар жойлар, спорт иншоотлари барпо этиш билан бирга, одамлар кўнгилли дам оладиган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Делегация аъзолари тумандаги “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, жумладан, қишлоқ аҳли учун намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий уй-жойлар билан танишди.
Уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосида 180 уй-жой барпо этилган. Янги уйлар табиий газ, ичимлик суви билан таъминланган, алоҳида канализация қудуғи ҳамда иситиш тизимига эга. Кўчалар кенг, йўл четларига мевали ва манзарали дарахтлар экилган. Меҳмонлар маҳалладаги оталар чойхонаси – гузар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар спорт майдончалари ва стадион фаолиятига юксак баҳо берди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д.Мирзажонова, “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Юнусматов ва маҳалла фаоллари қозоғистонлик меҳмонларнинг маҳалла институти фаолияти ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги иштироки, вазифа ва ваколатлари доирасини янада кенгайтириш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, маҳалла, маҳалла раиси ва унинг вазифалари ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Ўзбек халқининг “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Отанг – маҳалла, онанг – маҳалла” деган гаплари мазмунини бугун янада теран англадим, – дейди Жанубий Қозоғистон вилояти Қазғурт туманидаги ўзбек-қозоқ умумтаълим мактаби директори ўринбосари Б.Собитов. – Бу ерда одамлар яхши кунида ҳам, ташвишли дамларида ҳам маҳалладошларига суянар экан. Бир оилада хурсандчилик бўлса, бутун маҳалла баҳам кўради. Бир кишининг ташвиши бутун маҳалланинг ташвишига айланади. Маҳалла оқсоқоли ёки кексаларга барча бирдай қулоқ солиши, бамаслаҳат иш тутиш, одамларнинг бир-бирига эътиборли бўлиши, ғамхўрлик кўрсатиши – бундай олижаноб фазилатлар бошқа ҳеч қаерда учрамайди. Осойишталик ва тараққиётни таъминлайдиган бундай турмуш тарзи – маҳалла тушунчаси фақат ўзбек халқига хос юксак қадрият.
Учрашувда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар жараёнида маҳалла институтининг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Давлат бошқаруви органларининг кўплаб ҳуқуқ ва ваколатлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилгани, натижада ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маънавий муҳит барқарорлигига эришиш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш сингари ўнлаб вазифалар айнан мазкур институтда амалга оширилаётгани ҳаётий мисолларда кўрсатиб берилди. Айниқса, маҳалла посбони ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчининг вазифалари, “маҳалла – таълим муассасаси – оила” ҳамкорлиги фаолияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Бугунги глобаллашув даврида ёшларни ёт ғоялар ва турли иллатлардан асраш, навқирон авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб усули – маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Мамлакатларимиз маданият ва санъат соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон халқ усталари Олмаота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё ҳунармандлари кўргазма-ярмаркасида мунтазам иштирок этади. Остона, Олмаота ва бошқа шаҳарлардаги бадиий галерея ва музейларда машҳур ўзбек мусаввирларининг кўргазмалари намойиш қилинади. Ўзбекистон мусиқа ва театр жамоаларининг Қозоғистонга гастроллари мунтазам йўлга қўйилган. Қозоғистонлик санъаткорлар Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва бошқа кўплаб йирик маданий тадбирларнинг фаол қатнашчиларидир. Пойтахтимиздаги “Камолот” ёшлар ижод саройида ташкил этилган миллатлараро дўстликни тарғиб этувчи расмлар кўргазмаси ва концерт дастурида бу алоҳида таъкидланди.
Қозоғистон Республикаси делегациясининг ташрифи самимий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари ривожидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.