ЎзА Ўзбек

21.05.2020 Чоп этиш версияси

Андижонликларнинг орзу-ҳаваслари ушалмоқда

Андижонликларнинг орзу-ҳаваслари ушалмоқда


Андижон аҳоли зичлиги энг юқори ҳудудлардан бири. Вилоятда ердан унумли фойдаланиш ҳисобига аҳолини уй-жой, иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитини яхшилаш мумкин. Шу боис бу ерда собиқ ишлаб чиқариш майдонларида турар жой мажмуалари қуриш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бундан роппа-роса икки йил муқаддам – 2018 йил 20 май куни Андижон шаҳрида қад ростлаётган янги уй-жойларни кўрган эди. Мазкур ҳудудда бу масала долзарб эканини инобатга олиб, қўшимча турар жойлар қуриш бўйича топшириқ берганди. 

c382bc6b-9fd7-b94b-f90d-f6b8c0740ca8.jpg

Шу асосида шаҳарда жами 1 минг 798 хонадондан иборат 41 та кўп қаватли уй барпо этилди. Жумладан, собиқ консерва заводи ўрнида бунёд этилаётган янги мавзеда ўтган йили йигирмата 7 қаватли, иккита 16 қаватли уй қуриб битказилди. Шу тариқа атиги уч йилда бу ерда илғор шаҳарсозлик андозаларига мос ҳолда қурилган йирик мавзе пайдо бўлди.

Президентимиз ушбу мавзени бориб кўрди. 16 қаватли уйдаги хонадонлардан бирида бўлиб, оила билан суҳбатлашди.

9abba1bb-8375-1900-d4b4-28cc8a0edcf8.jpg

“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Хоқон Автоинвест” МЧЖ томонидан қурилган 16 қаватли уйлар Андижон шаҳри учун намуна бўлди. Лойиҳа қиймати 46,6 миллиард сўм бўлган уйлар Туркия технологияси асосида, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда яхлит темир-бетондан зилзилага бардошли қилиб қурилган. Бинонинг ташқи деворлари базальт материали билан қопланган. Интернет тармоғи, видеокузатув тизими билан таъминланган.

Хонадонлар электр плита, ошхона мебели, иситиш тизими ва иссиқ сув билан таъминлайдиган алоҳида қозонхона билан март ойида тайёр ҳолда топширилган. Ҳар бир уй иккитадан лифт билан жиҳозланган.

21983d2b-5459-c90a-244c-b685f5615cf5.jpg

Мазкур уйлар ҳовлисида дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, автотураргоҳ барпо этилган.

Янги уйларда шунча майдондаги бошқа лойиҳаларга нисбатан 2 баробар кўп хонадонлар жойлашгани маҳаллий шароит учун жуда муҳим. Шу боис хонадонларнинг нархи ҳам ҳамёнбоп.

efb0ee2d-df0f-f6a7-06b3-dd2df52444fb.jpg

Мазкур турар жойлар қурилиши шаҳарнинг ушбу қисмида урбанизация жараёнларини тезлаштирди. Аввало, кўп қаватли уйларда биронта сотилмаган хонадон қолмади, бу қурилиш суръатини оширди. Уйларга талаб юқорилиги боис ҳудудга саноат корхоналарининг қизиқиши кучайди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтириш тўғрисидаги қарори асосида ҳудудда тижорат уйлари ҳам барпо этилмоқда. Яна бир афзал жиҳати, бундай турар жой мавзелари боғча, мактаб сингари ижтимоий инфратузилмаси билан бирга қад ростламоқда. Бошқача айтганда, андижонликларнинг кўп йиллик орзу-ҳаваслари ушалмоқда.

689de988-0a7a-b1fc-917e-1f8fadfc86a5.jpg

Аҳолини турар жойлар билан таъминлашни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

– Камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини – уй-жой. Одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

8dc05103-18ae-d7dc-5f4b-693372563929.jpg


5 386
Матназар Элмуродов, ЎзА