2019 йилда асосий эътибор халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашга қаратилади
Вазирлар Маҳкамасида 2019 йил учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасида 2019 йил учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбар ходимлари иштирок этди.
Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов олиб борди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиб, Давлат бюджети даромадлари ошишига, унинг мақсадли сарфланишига хизмат қилмоқда.
Мажлисда дастлаб 2018 йилги Давлат бюджети ижроси ҳақида маълумот берилди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра жорий йилда Давлат бюджети даромадлари 2017 йилга нисбатан 49,9 фоизга ошиб, 74 триллион 500 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Даромадларнинг ошишида иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ўзаро ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши, капитал қуйилмалар ҳажми ортиши ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.
Маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатини кенгайтириш ва режадан ошириб бажарилган даромадларни ҳудудларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиш механизмини жорий этиш натижасида 2018 йил якунлари билан маҳаллий бюджетларда 5,5 триллион сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда.
2018 йилда Давлат бюджети харажатлари 78 триллион 500 миллиард сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Жорий йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Yoshlar – kelajagimiz” каби кенг миқёсли дастурларни амалга ошириш учун замин яратилди. Бу мақсадлар учун 2 триллион сўмдан зиёд, арзон уй жойлар қурилишини молиялаштиришга 3,6 триллион сўм, аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига эса 350 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида бюджетдан тўланадиган ойлик, стипендия ва нафақаларни инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш сиёсати давом этади.
2019 йилда Давлат бюджети даромадлари 102 триллион 600 миллиард сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Жорий йил кўрсаткичлари билан таққослаганда Давлат бюджетига тушумлар ялпи ички маҳсулотнинг номинал ўсишига мос равишда 37,8 фоизга ошади.
Ижтимоий харажатларга 57 триллион 800 миллиард сўмдан кўпроқ, иқтисодий харажатларга эса 14 триллион сўм маблағ йўналтирилиши мўлжалланган.
2019 йилда солиқ сиёсатида тарихий ўзгаришлар даври бўлади.
Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу концепция доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ сиёсатида мутлақо янги тизим жорий этилади.
Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади. Бу барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш каби жиҳатларда намоён бўлади. Пировардида, аҳоли даромадлари ўртача 6,5 фоизга ошади.
Янги солиқ сиёсатининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унинг амалиётга жорий этилиши билан биргина 2019 йилда 500 мингдан ортиқ ишчилар фаолиятини легаллаштиришга эришилиши кутилмоқда, “конвертда ойлик бериш” яширин амалиётига чек қўйилади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Ж.Қўчқоров 2019 йилги бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети параметрлари тўғрисида маълумот берди.
Унга кўра, мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 4 триллион сўм ажратиш режалаштирилган, умумий таълим харажатлари 17 триллион сўмдан ошади. Соғлиқни сақлаш харажатлари учун 12 триллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратиш кутилаяпти. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари учун ажратиладиган маблағ миқдорини янада оширишга эътибор қаратилади.
Мажлисда, шунингдек, инвестиция, солиқ, божхона, тадбиркорлик, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия соҳаси раҳбар ходимлари ҳам сўзга чиқиб, 2019 йилги Давлат бюджети ва амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.
Асосий мақсад аҳоли яшаш шароитини янада яхшилашга қаратилиши таъкидланди. 2019 йилги Давлат бюджети харажатларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида унинг лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйишга келишиб олинди.