Ҳурматли конференция қатнашчилари! 

Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Қадрли дўстлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, сиз азизларни – дунёнинг олис ва яқин турли қитъа ва минтақаларидан юртимизга ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларимизни бугунги адабий анжуманнинг очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Сизларнинг ушбу нуфузли халқаро конференциядаги иштирокингизни биз биринчи навбатда ўзбек халқига, унинг қадимий ва бой маънавий меросига, замонавий адабиётига бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз. 

Биз сизларнинг ҳар бирингизни ўзбек адабиёти ва маданиятининг моҳир билимдони ва жонкуяр тарғиботчиси, Ўзбекистоннинг чинакам дўсти, маънавият соҳасидаги ишончли ҳамкоримиз деб биламиз ва сизларнинг олижаноб фаолиятингизни юксак баҳолаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, миллий адабиётимизни ўз юртингизда ва халқаро майдонда беғараз тарғиб ва ташвиқ этиб келаётганингиз учун барчангизга самимий миннатдорлик изҳор этишни ўзимнинг шарафли бурчим, деб биламан.

Муҳтарам анжуман иштирокчилари!

Ғоят муҳим ва долзарб мавзуга бағишланган ушбу конференция Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга.

Бундан йигирма етти йил олдин халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва азму қарори билан қўлга киритилган миллий мустақиллик биз учун жаҳон халқларининг эркин ва озод оиласига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириш, дунё ҳамжамияти билан барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорлик ўрнатиш имконини яратиб берди. 

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда. Биз миллий тикланишдан – миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик. Бу улуғ мақсадга эса жаҳон аҳли билан ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшаш, очиқ демократик жамият қуриш, ҳаётимизда миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада кенг қарор топтириш орқалигина эришиш мумкинлигини биз яхши англаймиз. 

Айни шу нуқтаи назардан қараганда, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилиш, кўпқиррали бу мавзуни бугунги кунда дунё адабий маконида юз бераётган энг муҳим жараёнлар билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил этиб, зарур илмий-амалий хулосалар чиқариш, келгуси вазифаларимизни белгилаб олиш, ўйлайманки, катта аҳамиятга эга.

Айниқса, ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда бутун башарият олдида пайдо бўлаётган, биз илгари дуч келмаган ғоят мураккаб муаммолар, глобал хавф-хатарларни биргаликда бартараф этиш, шу йўлда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиришда, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этадиган ёшларни гуманистик ғоялар руҳида тарбиялашда бадиий сўз санъатининг ўрни ва масъулиятини ҳар қачонгидан ҳам юксалтириш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган эътиборга молик ишлар, хусусан, илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини изчил ривожлантириш, бозор иқтисодиёти шароитида илм ва ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини ошириш каби вазифалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани ҳақида сизлар конференция иши давомида етарлича маълумотга эга бўласиз, деб ўйлайман.

Бу ҳақда гапирганда, бир фикрга алоҳида урғу беришни ўринли, деб биламан. 

Биз Ўзбекистонда “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” деган чуқур маъноли тамойилга амал қилган ҳолда, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш масаласига ғоят жиддий эътибор қаратмоқдамиз. 

Юртимизда дунё адабиётининг бебаҳо мулки бўлган минг-минглаб асарлар таржима қилиниб, китобхонлар қалбидан жой олгани, бадиий таржима ва таржимашунослик бўйича ўзига хос ижодий мактаб шаклланганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Шу билан бир қаторда, асрлар давомида комил инсон тарбияси, адолатли жамият, шахс эркинлиги, Ватан озодлиги, бунёдкорлик, бағрикенглик ва байналмилалчилик, одамийлик каби ўлмас фазилатларни тараннум этиб келаётган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш бўйича ҳам мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. 

Бу борада республикамиз таълим муассасаларида ўзбек тили билан бирга қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида таълим бериш йўлга қўйилгани, олий ўқув юртларимизда инглиз, француз, немис, испан, япон, хитой, корейс, араб филологияси махсус фан сифатида ўқитилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни вақтда бу соҳада ҳам олдимизда кўпгина долзарб ва муҳим вазифалар турганини ҳам қайд этиш зарур. Хусусан, ҳозирга қадар жаҳон адабиётидан она тилимизга таржима қилинган аксарият асарлар восита тиллар орқали амалга оширилган ва бу ҳол бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ёш таржимонларимиз аслият тилини яхши билсалар-да, кўп ҳолларда уларда бадиий маҳорат етишмаяпти. Худди шундай ҳолатни ўзбек адабиёти намуналарини бошқа тилларга таржима қилиш соҳасида ҳам кузатиш мумкин. 

Бугун мамлакатимизда сизларнинг фаол саъй-ҳаракатингиз билан биринчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро конференция мана шундай муҳим ижодий муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, бу борада халқаро тажриба, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, дўстлик алоқаларини тиклаш ва мустаҳкамлаш, ижодий уюшмалар, адабий нашрлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйишга доир амалий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади, деб ишонаман. 

Бу муҳим йўналишда биз сизлар билан ҳар томонлама самарали ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида сизларнинг иштирокингизда Ўзбек адабиётининг хорижий дўстлари кенгашини тузиш ва унинг фаолиятини тизимли асосда ташкил этиш бу йўлдаги дастлабки амалий қадам бўлиши мумкин. 

Муҳтарам дўстлар!

Бундан юз йил муқаддам буюк ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли – Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшар!” деган оташин даъват билан майдонга чиққан эди. 

Ҳаёт ва тарих синовларидан ўтган теран маъноли бу сўзлар бугун ҳам ўз аҳамияти ва қимматини йўқотган эмас. Дарҳақиқат, адабиёт, санъат ва маданият яшаса, миллат ва халқ, бутун инсоният безавол яшайди. 

Мана шундай эзгу ва шарафли ишга ўз ҳаётини бағишлаган сиз, азизларга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар, бахт ва омад, конференция ишига муваффақият тилайман. 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига