ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

Журналистлар Фориш туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Журналистлар Фориш туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан маҳаллий ва Республика оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Фориш туманига пресс-тур ташкил этилди. 

Тадбир бундан икки ой илгари реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган туман “Маҳалла маркази” фаолияти билан танишишдан бошланди. Шу ерда журналистлар учун “Пандемия шароитида аҳоли ва оилалар муаммолари билан ишлашда маҳалланинг ўрни” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

Пандемия карантини даврида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 4 мингга яқин оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарурий дори-дармон ёрдами кўрсатилган бўлса, ҳомийлар томонидан ҳам 21 та эҳтиёжманд оилага улоқли эчки, 20 та оилага бир бошдан қўй тарқатилган. “Замин” фонди томонидан 23 та оилага саломатлигини тиклаш учун пул маблағлари берилган. 

Туман аҳолиси эҳтиёжларидан келиб чиқиб 151 миллион сўмлик пул маблағлари “Саховат ва кўмак” жамғармасининг туман бўлими ҳисобидан дори-дармонлар учун ажратилиб, эҳтиёжманд оилаларга етказилган. Хотин-қизларни моддий ва маънавий, тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмаси федерацияси вилоят бирлашмаси томонидан 97 нафар хотин-қизларга 185 миллион 800 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳам тарқатилган. 

Пресс-тур қатнашчилари Ўзбекистон маҳалласида “Хавфсиз маҳалла” тизимини ташкил этишда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари фаолияти билан танишдилар. Ушбу маҳалла жорий йилда жиноят содир этилмаган ҳудудлардан бири эканлиги журналистларда қизиқиш ўйғотди. 

Хонбандида “темир дафтар”га киритилган 31 та оилада 116 нафар аҳоли истиқомат қилади. Журналистлар ушбу оилаларни камбағалликдан чиқариш йўлида олиб борилаётган ишлар билан қизиқди. 

Ушбу маҳаллада яшовчи Жамила Нўъмонова бир неча йиллардан буён кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Бу йил баҳорда унга туман маҳалла бўлими кўамагида 1,5 гектар ер ажратиб берилди. Деҳқончилик қилиши учун ёрдам кўрсатилди. Айни пайтда у бу ерда боғ барпо этиб, дарахтлар вояга етгунча кўчатлар орасида полиз маҳсулотлари эккан. 

– Бу йил ердан 7 миллион сўм фойда олдим, – дейди Ж. Нўъмонова. – Ер туфайли оиламнинг иқтисодиётини тиклаб, камбағалликдан чиқмоқчиман. Ушбу имкониятни яратиб берган давлатимиздан миннатдорман. 

“Оқтом” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган 3 нафар фарзанднинг онаси Муаззам Эгамбердиева рўзғори учун керак бўлган маҳсулотларни томорқасида етиштириб келаётир. У журналистлар билан суҳбат давомида тикув машинаси бўлса, ишлаб пул топиш имконияти борлигини маълум қилди. Унинг бу истаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан қондириладиган бўлди. 

Шунингдек журналистлар иккинчи сектор раҳбарлари ташаббуси билан “Мустақиллик” маҳалласида 50 сотих майдонда барпо этилган иссиқхона билан танишдилар. Айни кунда мазкур иссиқхонада 50 нафар оила меҳнат қилиб, даромад олмоқда.

Журналистлар пресс-тур давомида туманда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган бир қатор ибратли ишлар билан танишишди. 

photo_2020-09-14_11-47-48.jpg

photo_2020-09-14_11-47-52.jpg

photo_2020-09-14_11-47-54.jpg

3 154
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (суратлар), ЎзА