ЎзА Ўзбек

12.09.2020 Чоп этиш версияси

Жалақудуқлик ёш футболчилар ғолиб бўлди

Жалақудуқлик ёш футболчилар ғолиб бўлди

Андижон шаҳар болалар ва ўсмирлар футбол мактабида “Чарм тўп” анъанавий республика футбол мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳамкорлигида маҳалла болалари ўртасида ўтказилган мусобақанинг Андижон вилоят босқичида ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 8 та жамоа ўзаро куч синашди. 

Мусобақа очилишига бағишланган тадбирда юртимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом ва баркамол униб-ўсишлари, маҳалла болаларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, футболни ривожлантириш, ёш иқтидор соҳибларини излаб топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. 

- “Чарм тўп” футбол мусобақаларида вилоятдаги 866 та маҳалла жамоаси дастлаб туман, шаҳар босқичлари ўйинларида иштирок этди, - дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси вакили Дилшодбек Тожибоев. – Туман, шаҳар босқичида ғолиб чиққан 16 та жамоа қуръа асосида бир-бирлари билан мусобақалашди. Ғолиб бўлган жамоалар вилоят финал босқичи ўйинларида иштирок этди. 

Олимпия тизимида, муросасиз ва қизиқарли баҳслар асосида ўтган вилоят босқичи мусобақасининг якуний натижаларга кўра, барча рақибларидан устун келган Жалақудуқ туманидаги Ҳамзаобоод маҳалласининг “Ҳамзаобод” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Улар финалда Хўжаобод тумани Дилкушод маҳалласи жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. 

Учинчи ўрин Андижон туманидаги Дўстлик маҳалласининг “Дўстлик” жамоасига насиб этди. 

Якунда мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари, турли номинациялар бўйича энг яхши, деб топилган ёш футболчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

7.JPG

8.JPG

2 639
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА