ЎзА Ўзбек

12.09.2020 Чоп этиш версияси

Заводнинг ёнғин хавфсизлигига тайёргарлиги синовдан ўтказилди

Заводнинг ёнғин хавфсизлигига тайёргарлиги синовдан ўтказилди

Зафаробод туманида жойлашган “Жиззах цемент заводи”да ёнғин билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда одамларни тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш бўйича махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ёнғин ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда соҳавий хизмат ходимларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсаддида ташкил этилган амалий тактик машқда вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, “Hududgaz Jizzax” МЧЖ, “Jizzax hududiy elektr tarmoqlari korxonasi” АЖ хизматлари қатнашди. 

“Олов – тилсиз ёв”, деб бежизга айтилмаган. Ёнғинлар етказадиган зарари жиҳатидан табиий офатларга тенглашиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан бири ҳисобланади. Айниқса йирик корхоналарда рўй берадиган ёнғин халқ хўжалигига жуда кўп миқдорда моддий зарар келтириши билан бирга инсонларнинг оммавий заҳарланиши, тан жароҳати олиши ёки ҳалок бўлиши билан боғлиқ мудҳиш оқибатлар билан якун топиши мумкин. 

– Шу сабабли саноат корхоналаридаги технологик жараёнда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, ишчиларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмасини шакллантириш ниҳоятда муҳим ҳисобланади, – дейди вилоят фавқулодда вазият бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи, капитан Фаррух Абдураҳманов. –Ушбу махсус тактик машқнинг вилоятдаги энг йирик корхоналардан бири бўлган Зафаробод цемент заводида ўтказишдан ҳам шу мақсад кўзда тутилган эди. Яхши тайёргарлик билан ўтказилган тактик машқ корхона ишчи-хизматчилари ва тегишли хизматлар ходимларининг ҳамкорликда ҳаракат кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга тадбир бўлди. 

Машқларга турли хизматларнинг 100 дан ортиқ ходими, 10 дан зиёд махсус техника жалб этилди. Махсус-тактик ўқув машқи давомида шартли равишда объектда ёнғин келиб чиққанидан кейин ишчи ва хизмачиларни эвакуация қилиш, ёнғинни ўчириш ҳамда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор ҳаракатлар амалга оширилди. 

Шунингдек, машқларда технологик жараённи қисқа вақтда талофатсиз тўхтатиш, ишчилар ва моддий бойликларни эвакуация қилиш, қутқарув тузилмаларига тезкор хабар бериш схемалари синовдан ўтказилди.

Машққа тайёргарлик ва тадбир давомида заводнинг барча бино ва иншоотларидаги ҳамда асосий ташқарига чиқиш-қутқариш йўллари кўрсаткичлар билан жиҳозланди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон қутилари тўлиқ ҳолга келтирилди. Масъул шахсларга қўшимча йўриқнома ва кўрсатмалар берилди. 
Машқ якунида иштирокчиларнинг ҳаракати танқидий таҳлил қилинди. 

photo_2020-09-12_12-31-01.jpg

photo_2020-09-12_12-31-03.jpg

photo_2020-09-12_12-31-05.jpg

2 715
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА