ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Юртимиздаги энг қадимий қоятош расмларини кўрганмисиз?

Юртимиздаги энг қадимий қоятош расмларини кўрганмисиз?

Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг Зараутсой дарасидаги камар ва унгир тошларига ишланган расмлар Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий ибтидоий санъатнинг ноёб намунаси сифатида жаҳонга танилган. Бундан 108 йил муқаддам Кўҳитанг тоғининг ён бағридан топилган нодир асарлар ўтган йилларда чет эллик ва маҳаллий таниқли қадимшунос олимлар, рассомлар томонидан атрофлича ўрганилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хорижлик ва маҳаллий сайёҳларда Зараутсой қоятош суратларига қизиқиш ва интилишни янада оширмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ноёб ёдгорликлар сақланиб қолган ҳудудни «Сурхон» давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасига чиқариш белгиланган. Бу юртимизнинг энг қадимги маданияти ва санъатини дунёга кенг тараннум этиш, сақлаб қолиш ҳамда ёш авлодга чуқур тушунтиришда муҳим аҳамият касб этади.

03.jpg

–Тоғ қўйнидаги хушманзара ва сокин гўшада мезолит, неолит ва кейинги давраларга оид 200 дан ортиқ турли расмлар сақланиб қолган,–дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов. – Ўтмишдаги аждодлар томонидан яратилган бу суратларда одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланиб,ёввойи буқа, ит, тулки, ёввойи чўчқа, бурама шохли эчки, жайрон, тоғ эчкиси, ҳашаротлар ва бошқа жонзотлар, ўқёй, найза, ўроқсимон қуроллар сингари турли буюмлар, ниқобланган одамлар расмлари ўша даврга хос услубда ҳаётий қилиб ишланган. Қадимий битиклар жойлашган гўзал ҳудуднинг сайёҳлик маконига айлантирилаётгани воҳага туристик оқимни янада кўпайтиради. Шунингдек, сайёҳлар учун зарур шароитлар ҳам яратилади.

Ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги сифатида эътироф этилган Зараутсой расмлари ёдгорликларни муҳофаза қилиш «Қизил китоби»га киритилган.

04.jpg

06.jpg

5 489
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА