ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Қуёнчилик ривожига 5 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди

Қуёнчилик ривожига 5 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди

Бухоро вилоятида қуёнчилик соҳасини ривожлантириш бўйича “Микрокредитбанк” АТБ томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Жорий йилда қуёнчилик соҳасида қиймати 23 миллиард 740 миллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан 8 миллиард 705 миллион сўм, банк кредити ҳисобидан 15 миллиард 35 миллион сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунга қадар 7 та лойиҳа учун 5 миллиард 35 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

– “Ромитан Шўрча қуёнлари” масъулияти чекланган жамиятига Россия давлатидан 200 бош (шундан 180 таси она қуён, 20 таси эркак қуён) “Хиккол” зотли қуёнлар олиб келинди, – дейди “Микрокредитбанк” АТБ аҳоли ва оилавий тадбиркорликни кредитлаш шўъбаси бош мутахассиси Шуҳрат Ҳожиев. – Агрофирмага 1 миллиард 280 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Ушбу маблағлар қурилиш ва таъмирлаш ҳамда қуён сотиб олиш, қуёнлар учун қафаслар, озуқа ва бошқа харажатларга сарфланди. 2020 йил якунига қадар қуёнлар бош сонини 8 мингтага етказиш режалаштирилган.

– Банк кредити ҳамда ўзимнинг 200 миллион сўмлик маблағим билан агрофирмани қурдик, – дейди “Ромитан Шўрча қуёнлари” МЧЖ раҳбари Акмал Раҳматов. – Россия давлатидан Хиккол зотли қуёнлар олиб келинди. Айни кунда наслли қуёнларимиз кўпайиб 350 бошни ташкил қилмоқда. Биринчи босқичда 4 киши ишли бўлди. Агрофирмани кенгайтириш мақсадида янги технология олиб келинди. Янги технологияда қуёнлар учун озуқа тайёрлаймиз. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг амалий кўмаги билан зотдор қуёнларимиз сони кундан-кун ортиб бормоқда. Қўмита ходимлари бераётган тавсиялар четдан олиб келинган қуёнларни парваришлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Россия давлатида қатнаб, у ерда ҳам қуён боқардим, – дейди корхона ишчиси Сулаймон Асадов. – Пандемия сабаб қайта бора олмадим. Лекин ўзимизни қишлоқда қуёнчилик корхонасини очилганини эшитиб, мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал бўлди. Бугун корхонада ишимни давом эттиряпман. 1 миллион 500 минг сўмгача ойлик оляпман. Шу ишни четда ҳам қилардим, ўзимизда ҳам қиляпман. Энг қувонарлиси, мен бугун ўз юртимда, оилам бағрида яшаяпман.

“Ромитан Шўрча қуёнлари” МЧЖ бугун наинки ўзининг қуёнларига балки балиқчиликни ривожлантириш мақсадида ҳам иш олиб бормоқда. Тадбиркор 25 сотих ерда ҳовуз тайёрлаб, балиқчилик соҳасида ҳам тинмай меҳнат қилмоқда. Қорамолчилик, қўйчилик ҳамда паррандачилик соҳасида катта тажрибага эга тадбиркор Акмал Раҳматовнинг бу борадаги ишлари яхши ривожланмоқда. Айни кунда тадбиркор томонидан куз-қиш мавсумига озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзининг замонавий музлатгичига эга корхона маҳсулотларни ғамлаш тараддудида. 

Янги лойиҳалар устида бош қотираётган тадбиркор Акмал Раҳматов тумандаги Шўрча ва Ифтихор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти йўқлигини инобатга олиб, 150 ўринга мўлжалланган боғча қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштирмоқда.  

photo_2020-09-17_14-03-40.jpg

photo_2020-09-17_14-03-41.jpg

photo_2020-09-17_14-03-42.jpg

2 760
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА