ЎзА Ўзбек

02.08.2020 Чоп этиш версияси

Уйда қолиб вақтингизни самарали ўтказинг

Уйда қолиб вақтингизни самарали ўтказинг

Уззу кун уйда ўтириш ҳам кишини чарчатиб қўяр экан. Ўрганмаганмизда. Кун бўйи кўчадан бери келмас эдик. Пандемия туфайли энди уйга михланиб ўтирибмиз.

Республикамизда коронавирус ҳолати авжи паллага чиқа бошлади: «Уйда қолинг! Ниқоб тақинг!..». Вазиятни ўнглаш учун нимадир қилиш керак эди! Жонимга қўшним аро кирди. «Вақтингизга қараб, бозорга ўтиб келсак. Қуёнвойларнинг еми тугай деяпти». Масаланинг ечими топилган эди. Қуён боқиш! Аслида бу ишнинг бошини тутиш режада бор эди. Аммо пайсалга солиб келаётган эдим. Ҳатто танишимга қуёнлар учун уйча ҳам буюртирган эдим.

Зудлик билан оғайнимга сим қоқдим. Аллақачон тайёр бўлган, қўнғироғингизни кутаётган эдим. Бу жавобдан кўнглим хотиржам топди.

Бир-икки кун ўтиб, қуёнлар учун махсус тайёрланган 2 та уйча мўъжаз ҳовлимизнинг бир бурчагидан жой олди.

1.jpg

9.jpg

Қуёнчи қўшним, ҳомиладор қуёнларидан бирини берди: «Бир ойдан сўнг, кўпаяди».

Шундай қилиб, она қуённинг ётиш-туришидан бохабар бўлиб турдик. Бирпасда айтилган муддат ҳам келди. Она қуён 6 та жужиқларни дунёга келтирган эди.

5.jpg

8.jpg

Бу орада ижтимоий саҳифалардан қуён парваришига оид нарсаларни излаб топдим. «Она қуён болаларига ҳадеб парвона бўлавермас экан. Бир суткада бир ёки икки марта уларни эмизаркан. Жужиқларга қўл теккизиш асло мумкинмаслигини билдим, акс ҳолда она қуён боласини эмизмай қўяркан».

3.jpg

2.jpg

Бугун «узунқулоқлар» 2 ойга тўлди. Менга ва оила аъзоларимизга ҳам эрмак топилди. Ҳовлини тўлдириб, ирғишлаб кетаётганини кўрганимда яйраб кетаман. Бир-бирига гал бермай қувлашмачоқ ўйнаётганию, турмуш ўртоғимнинг не ҳасратлар билан ўстираётган гуллари баргларидан чимдиб узишлари ҳам кишига завқ бераркан...

«Уйда қолинг!» Фойдали иш билан шуғулланиш учун имкон топинг! Бу қўлингиздан келади, буёғига мен кафил!

4 308
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА