ЎзА Ўзбек

19.05.2020 Чоп этиш версияси

Қуванинг анори ва гилоси жаҳон бозорида

Қуванинг анори ва гилоси жаҳон бозорида

Фарғонага келган киши Аҳмад Фарғоний туғилган маскан – Қувани ҳам кўргиси келади.

Қуваликларнинг миришкорлик, меҳмондўстлик каби фазилатларини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. Айниқса, анорчилик бу ернинг ўзига хос ташрифномасига айланган. Айни кунларда боқий қадриятлар давом эттирилиб, аҳолини ҳаётдан рози қилиш, фаровонлигини таъминлаш борасида эзгу саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир.

Бўстон кўчаси ўз номига монанд бўлди

Бугун вилоятнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Қува туманида ҳам шаҳарсозлик талаблари асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод марказ” дастури асосида ўтган давр ичида Толмозор, Хонобод, Тожик, Акбаробод, Оққўрғон қишлоқлари, “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини кўркам қиёфага кирди. Босқичма-босқич барча маҳаллалардаги муаммолар ўз ечимини топаётгани эътиборга молик.

Кўп йиллардан буён туман марказидаги тирбандликлар, ноқонуний қурилишлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Аҳмад Фарғоний мажмуаси атрофидаги нохуш манзара дилни хира қиларди. Чунки Бўстон кўчаси туман марказининг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланарди. Баъзи тадбиркорлар томонидан катта кўчага ноқонуний равишда расталар ўрнатилган, шу ердаги “Раста буюм бозор”идаги ҳолат ниҳоятда ачинарли эди. Санитария ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади.

“Обод марказ” дастури асосида ана шу муаммо ҳал этилди. Қисқа муддат ичида кўча бутунлай тозаланди, ноқонуний расталар олиб ташланди. Йўлнинг икки четидаги савдо дўконлари таъмирланиб, кўча асфальт қилинди.

photo_2020-05-19_12-27-03.jpg

Бугун қуваликлар бундай ўзгаришлардан беҳад мамнун бўлмоқда. Бўстон кўчаси ўз номига монанд бўлди. Эътиборли жиҳати, шу кўчадаги бўш турган майдонда 350 ўринга эга “Эко бозор” ташкил этилди. Айни кунларда карантин қоидаларидан келиб чиққан ҳолда мазкур бозор фаолият кўрсатмоқда.

– Бу кўча Аҳмад Фарғоний мажмуасига олиб чиқади, – дейди меҳнат фахрийси Саиджон Аҳмедов. – Ўн йилдан буён бу ер туман маркази ҳуснини бузиб келаётган эди. Мутасаддиларга раҳмат. Пандемия даврида барчамизнинг орзумизни рўёбга чиқаришди. Кўча обод масканга айланди.

Қуванинг сара гилоси – Дубайга

Қуваликлар мева-сабзавот етиштиришда катта тажрибага эга. Қува анори, гилоси ва қирмизи олмаларининг таърифи хорижда ҳам машҳур. Маълумотларга қараганда, туманда 13 минг гектардан зиёд боғ ва сабзавот етиштириладиган майдонлар бор. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда улардан самарали фойдаланиш ниҳоятда муҳим. Шу боис жорий йилда 142,1 тонна мева-сабзавот етиштиришни кўзлаган соҳибкорлар астойдил меҳнат қилмоқда. Томорқачиликдан кўплаб оилаларнинг яхши даромад олаётгани ҳам уларни меҳнаткашлигидандир.

– Пандемия шароитида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиляпти, – дейди туман ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи А. Сиддиқов. – Жорий йилда туманимиздаги экспортёр корхоналар томонидан 41 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши режалаштирилган. Ҳозирга қадар 6 миллион 435 минг долларлик мевалар хорижга экспортга юборилди.

Фарғона боғларида етиштирилган сара гилослар жаҳон бозорида харидоргир. Ўзига хос таъм ва кўринишга эга меваларимизга бўлган талаб бу йил янада юқори бўлиши кутилмоқда. Айни кунларда боғлар ва аҳолининг томорқасида гилос пишган бўлиб, харидор эшик қоқиб турибди. Асосий харидорлар – Россия, Дубайга бу сархил мевалар экспорт қилиняпти. Туманда экспортга кўмаклашиш штаби ташкил этилган. Барча муаммолар жойида ҳал этилиб, харидорларга сифатли маҳсулотларни етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Замонавий логистика марказида гилосни саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга чиқариш ишлари амалга ошириляпти.

“Fergana Exim Agro” масъулияти чекланган жамияти экспортёр корхоналардан бири. Жамият тумандаги фермер хўжаликлари ва аҳолидан гилос қабул қилиш ишларини бошлаган. Гилос қадоқланган ҳолда Дубайга экспорт қилинади. Табиийки, хуштаъм, кўриниши эътиборни тортадиган, юқори сифатли меваларгина жаҳон бозорида харидорга манзур бўлади.

Жумладан, гилосга ҳам талаб шундай. Таъми, донасининг йирик ва текислиги алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, вилоятда барча жиҳати билан хорижликлар дидига мос тушадиган маҳсулот етиштириш ва сотувга тайёрлаш учун мавжуд имкониятлар ишга солинмоқда. Масалан, “Fergana Exim Agro” масъулияти чекланган жамиятида ўрнатилган замонавий линия ёрдамида гилосни маълум даражадаги паст ҳароратда сақлаш ва уни махсус қутиларга жойлаб, савдо растасигача табиий ҳолатда етказиш мумкин.

Бугунги кунда мазкур туманда 27 та замонавий музлатгич фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, анорчиликни ривожлантириш ҳамда экспортини йўлга қўйиш борасида ҳам ишлар олиб бориляпти. Ҳа, қуваликлар бугун ўзининг меҳнатсеварлик, миришкорлик фазилатлари билан юртимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.

2 863
М. СУЛАЙМОНОВ, М. ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА