ЎзА Ўзбек

10.07.2019 Чоп этиш версияси

Томчи сув қадрини зор бўлганлар билар

Томчи сув қадрини зор бўлганлар билар

Ўзбекистон сув ресурсларидан мукаммал фойдаланиш “Сувчи” жамоат бирлашмаси томонидан Фарғона вилоят ёшлари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

– 2017 йилдан аҳолини экологияни асраш, атроф-муҳитни ҳимоя қилишдан хабардор этиш бўйича турли тадбирлар ўтказиб келмоқдамиз, - дейди “Сувчи” жамоат бирлашмаси етакчи мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадиев. - Республиканинг олтита ҳудудида ўтказилган тадбирларимиз яхши самара берганига шубҳа йўқ. Бу галги Фарғона вилоят ёшлари билан ўтказган тадбиримиз жонли ва қизиқарли бўлгани билан алоҳида ажралиб туради. Ёшлар экология масаласига бефарқ қарамаётгани уларнинг фикрларидан, баҳс-мунозараларидан билиниб турибди. Шу пайтгача экологик муаммоларни ўз ичига олган бундай долзарб мавзудаги суҳбатлар, учрашувлар, семинарларга ёшлар таклиф қилинмаганини ачиниш билан айтишди.

1.JPG

“Сувчи” жамоат бирлашмасининг ёшлар билан ўтказган тадбиридан кўзланган мақсад бугунги кунда республикадаги экологик ҳолатни, айниқса, ичимлик суви ва суғорма сувлар танқислигини ёшлар онгига етказиш, бу соҳада уларнинг фикрини билиш, хулоса чиқаришдан иборат. Тадбирда, шунингдек, Орол фожеасининг келиб чиқиш сабаблари ва уни бартараф этиш учун қилинаётган ишлар ҳақида муҳим фикрлар ўртага ташланди. Видеолавҳалар намойиш этилди.

5.JPG

– Экологик фожеалар олдини олиш ҳамма учун долзарб вазифа, бунга ёшлар ҳам жим қараб турмайди, - дейди Олтиариқ тумани Ёшлар иттифоқи кенгаши тадбиркорлик бўйича бош мутахассиси Дониёр Тоштемиров. – “Бирники ўнга, ўнники мингга” деган мақол бор. Худди шундай ёшлар киришган иш тез тарқалади, шу йўл билан экологик тарбияни ва экомаданиятни тарғиб қилишда муваффақиятга эришамиз, деб ўйлайман.

6.JPG

Ҳар бир ишнинг самарали якун топгани яхши. Ҳозир Фарғонада сувни асраш, ундан тежаб фойдаланиш борасида муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 331 гектар ердаги экинни инновацион ғоялар асосида томчилатиб суғоришга ўтказиш режалаштирилган. Бугунгача бу усул 186 гектар ерга жорий қилинди. Бу ишлар кўпроқ сув етишмайдиган Марказий Фарғона ерларида қўлланиляпти.

4 259
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА