ЎзА Ўзбек

22.05.2020 Чоп этиш версияси

Термизлик ёш тадбиркор

Термизлик ёш тадбиркор

Мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тенгқурларини иш билан таъминлаб, ўнлаб оилаларнинг турмуш фаровонлиги, рўзғор тўкислигига ҳисса қўшиш истагидаги ишбилармон йигит-қизлар сафини ортишида муҳим омил бўлмоқда.

Термизлик Исроил Қурбонов 2017 йил 9 фоиз устама тўлаш шарти билан банкдан 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Унинг бошчилигидаги “Massaget servis” кичик корхонасида 10 дан зиёд турдаги мебель ва дурадгорлик маҳсулотлари тайёрланмоқда. Айни пайтда бу ерда 5 нафар киши иш билан банд. Ушбу корхонада ишлаб, йўл-йўриқ ўрганган бир нечта ёшлар ҳозирда якка тадбиркор сифатида мустақил фаолият юритмоқда. 

Тадбиркор фаолиятини кенгайтириш жараёнида банкдан яна икки марта кредит олиб, катта қисмини қоплашга эришди.

photo_2020-05-22_09-57-02.jpg

– Пандемия даврида ишимиз вақтинча тўхтатилди, - дейди Исроил Қурбонов. – Карантин талаблари юмшагач, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиб, ишни давом эттиряпмиз. Ҳозирги шароитда кредитни тўлаш муддатининг узайтирилгани кўнглимиздаги гап бўлди. Фақат фоизини тўласак, бас. Асоссиз текширувлар мутлақо йўқ. Солиқ юки 5-6 фоиздан 4 фоизга туширилди. Бу фаолиятимизни барқарор ривожлантириш имконини беради.

Юртимизда Исроил Қурбонов сингари давлатнинг кўмаги туфайли тадбиркорлик билан шуғулланиб, эртанги кунга ишончи ортаётган ёшлар кўп. Уларнинг тимсолида янги Ўзбекистоннинг бўлғуси саховатпеша, юзлаб иш ўринлари яратадиган йирик сармоядорларини кўрамиз.

photo_2020-05-22_09-57-03.jpg

2 487
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА