ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Тарихий маданий меросни ўрганиш такомиллашади

Тарихий маданий меросни ўрганиш такомиллашади

Бухоро давлат университети Тарих ва маданий мерос факультети негизида "Марказий Осиёнинг тарихий маданий меросини ўрганиш ва сақлаш халқаро илмий-тадқиқот маркази" ташкил этилди.

Марказ ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларида ҳамкорлик қилиш, тадқиқот гуруҳлари ҳамда тадқиқотчиларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, қўшма тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш, тадқиқотчилар алмашинувини амалга ошириш марказнинг асосий мақсади ҳисобланади. Марказда ҳамкорликда илмий семинарлар, конференциялар, тренинглар ва бошқа шу каби тадбирлар ташкил этилади.

Марказнинг очилиш маросимида Бухоро давлат университети ректори иқтисод фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов ҳамда Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори тарих фанлари номзоди, археолог Дмитрий Воякин иштирок этди.

Тадбирда академик нашрлар ва маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини тадқиқ этишда ўзаро ҳамкорликда ишлаш каби стратегик масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, Тарих ва маданий мерос факультети кафедралари кесимида ёш олимларни фундаментал тарихий тадқиқотларга ва археологик изланишларга жалб этиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Бухоро тарихини ўрганишга қаратилган илмий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан стратегик шерикчилик масалалари ўртага ташланди.

Таъкидлаш керакки, Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлари институти 1995 йил 5 июлда ЮНЕСКОнинг кенг кўламли Ипак йўли лойиҳаси натижасида ташкил этилган. Институтни яратиш ғояси маданий ривожланиш ўн йиллигининг асосий лойиҳаси – "Ипак йўлини ҳар томонлама ўрганиш – мулоқот йўли" лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Халқаро Марказий Осиё тадқиқотлари институтининг асосий мақсади дунё ҳамжамиятининг эътиборини Марказий Осиёнинг тарихий ва маданий ривожланиши муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш, минтақани кўп тармоқли ўрганиш орқали маҳаллий олимлар ҳамда уларнинг хориждаги экспертлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

photo_2020-09-18_13-07-16.jpg

photo_2020-09-18_13-07-47.jpg

2 138
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА