ЎзА Ўзбек

28.05.2020 Чоп этиш версияси

Сирдарёлик деҳқонлар ғалла ўрим-йиғимига шай

Сирдарёлик деҳқонлар ғалла ўрим-йиғимига шай
Ғалла – 2020

Сирдарё вилояти деҳқонлари жорий мавсумда 85 минг гектар майдонга дон экиб, ҳар гектар ердан ўртача 70 центнердан, жами 595 минг тонна ғалла етиштиришни режалаштирган. Ана шу эзгу мақсад йўлида етиштирилган мўл ҳосилни қисқа фурсатларда нес-нобуд қилмай йиғиб-янчиб олиш мақсадида барча ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Бугун-эрта вилоятда ғалла ўримига киришилади. 2020 йил ҳосилини ўриб-йиғиб олишга қадай тайёргарлик кўрилганини, ўрим-йиғим пайтида агротехник тадбирларни карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, ўрим-йиғим отрядларини шакллантириш юзасидан Сайхунобод туманидаги “Politex Sirdaryo Сluster” пахтачилик-тўқимачилик масъулияти чекланган жамияти даласида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда вилоят, туманлар ҳокимликлари, тўртта сектор, фермер, ўрим-йиғим отрядлари раҳбарлари, тажрибали операторлар ва миришкор деҳқонлар иштирок этди.

2020 галла-19.jpg

Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев янги ҳосил ўрим-йиғими тараддудида турган ғаллакорлар ва ўрим-йиғим отряди қатнашчиларини мавсум бошланаётгани билан қутлаб, жорий йилги ҳосил янада баракали бўлишини тилади. Сирдарёлик ғаллакорлар зиммасида бу йил жуда катта масъулият турганлигини, ҳосилни нест-нобудсиз қисқа муддатда сарамжонлаб олиш лозимлилигини алоҳида таъкидлади.

“Politex Sirdaryo Сluster” пахтачилик-тўқимачилик МЧЖ томонидан сотиб олинган 10 дона “Кес” комбайнлари эрта тонгданоқ Сайхунобод туманига олиб келинди. Шу пайтгача туманда 45 та ғалла ўрим комбайни мавжуд бўлган бўлса, энди комбайнлар сони 55 донага етди. Бу йил энди аввалги йилларга ўхшаб комбайндан муаммо бўлмайди. Даллаларда ғалла кўп, миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ғалла ҳосилини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмай, уюшқоқлик билан мавсумни пухта режа асосида олиб боришга биз тайёрмиз, дейишмоқда мутахассислар.

Бу йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумини ташкил этувчи отрядлар таркиби, комбайн операторлари, уларнинг ёрдамчилари, ғалла ташиш транспорти ҳайдовчилари, ички ишлар вакиллари, ишчи-ходимлар ва отряд раҳбарларининг рўйхати тўлиқ шакллантирилди.

– Жорий йилги ўрим-йиғимда жами 151 отряд иштирок этади, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари К.Сабиров. – Бундан ташқари, ўрим-йиғимни 20-25 кунда якунлаш мақсадида Хоразм вилоятидан қўшимча 50 дона комбайн, оператор ва ёрдамчилар олиб келдик. Бу йил Президентимиз ташаббуси билан ғаллачилик билан шуғулланувчи деҳқон-фермер ва кластерларга ҳам улкан имкониятлар яратиб берилди. Ишлаб чиқарган ғалласини давлатга сотганидан ортиғини биржа орқали сотиш имконияти яратиладиган бўлди.

2020 галла-6.jpg

Вилоятнинг бошқа туманлари сингари Сайхунобод тумани далаларида ҳам ғалла ўрим-йиғимга пухта тараддуд кўрилган. 45 та ғалла ўриш комбайни, механизаторлар гуруҳлари мавсумга олдиндан қизғин тайёргарлик кўрган бўлса, “Politex Sirdaryo Сluster” пахтачилик-тўқимачилик масъулияти чекланган жамияти яна 10 та янги комбайн сотиб олгани ўрим мавсумини янада қисқартириш, суръатини кескин ошириш имконини беради.

Бу йил етиштирилган бор ҳосилни қабул масканларига жамлаш (фермерлар ихтиёрида қолдирилаётганини ҳам) тизимининг жорий этилаётгани, “Оқолтиндонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти қошида янги замонавий ҳосил сифати, синфини ўта тўғри меъёр даражасида аниқлайдиган замонавий лабораториянинг ишга туширилгани фермерлар ҳосилини талафотсиз сақлаш, зарур ҳолларда ун ҳолида тортиб бериш қулайликларини яратади.

Семинарда кекса деҳқон, вилоят маслаҳат кенгашининг аъзоси Абдураззоқ Нажмиддинов қатнашчиларни янги ҳосил ўрим-йиғими тараддуди анжумани билан табриклади ва вилоят ғалла хирмони ўтган йиллардагидан-да янада барокатли бўлишида мавсум иштирокчилари ишига ривож тилади.

Семинарда вилоят имом хатиби томонидан Қуръон оятлари тиловат қилиниб, миллий урф-одатларимизга кўра бўрдоқига боқилган буқа қурбонлик қилинди ва салкам 300 килолгам тош босган новвоснинг гўшти ҳудуддаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, камбағал, боқувчисини йўқотган, оиласида ногиронлиги бор, вақтинча ишламайдиган оилаларга эҳсон сифатида улашилди.

Тадбир иштирокчиларига дошқозонда ош дамланиб, хатми Қуръон қилинди.

Семинарда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

3 064
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ(сурат), ЎзА