ЎзА Ўзбек

22.11.2019 Чоп этиш версияси

Сифатли ва бежирим маҳсулотлар дунё бозорини забт этмоқда

Сифатли ва бежирим маҳсулотлар дунё бозорини забт этмоқда

Фарғона шаҳридан чиқиб, ҳунармандлар юрти - Марғилон томон йўлингиз тушса, обод бир маскан эътиборингизни тортади. Дид билан экилган турфа дарахтлар, ораста йўл сизни ўзининг бежирим ва сифатли маҳсулотлари билан шуҳрат қозонган «Наримтекс» масъулияти чекланган жамияти томон элтади. 

Бу ерда меҳнат қилаётган юзлаб чеварлар тайёрлаётган аёллар пальтоси, пиджак ва курткалар ўзига хос дизайни, қулайлиги, пишиқ-пухта тикилгани билан харидорларга манзур бўлмоқда. Маҳсулотлар Россия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга экспорт қилинмоқда. 

photo5386554662326479621.jpg

– Президентимизнинг корхона фаолиятига оид истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш хусусида билдирган таклифлари, қимматли маслаҳатлари бизни янги режалар сари руҳлантирди, - дейди корхона раҳбари Наргиза Аминова. — Айни пайтда йилига 2 миллион погонометр мато чиқариш, махсус кийимлар тайёрлаш ҳисобидан 250 та янги иш ўрни яратиш бўйича изланяпмиз. Бу борада нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки хорижлик инвесторларни жалб этиш, улар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Яқинда бу йўналишда ўзига хос малакага эга австриялик машҳур дизайнер Ютта Шваймберг корхона ишчиларига матони бичиш, моделлаштириш, конструкциялаш каби жаҳон андозалари даражасидаги чеварлик усулларидан ўқув ва амалий машғулотлар ўтказди. 

photo5386554662326479622.jpg

Корхона цехларида замонавий тикув машиналари бир маромда ишлаб турибди. Бу ерда йилига 35-40 минг дона аёллар пальтоси тайёрланмоқда. Ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини ривожлантириш билан бирга, чевар аёллар учун ўзига хос қулайликлар ҳам яратилган.

3 069
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА