Олот туманида камбағалликни қисқартириш бўйича 155 та лойиҳа амалга оширилади
Олот туманида 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилади.
Олот туманида 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилади.
Бухоро вилояти Олот туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туманда бажарилиши режалаштирилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда йирик лойиҳалар тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров кириш сўзи билан очди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш орқали аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, фуқароларнинг яшаш тарзини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 сентябрдаги “2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари А. Ортиқов ушбу қарор ижроси доирасида амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида тўхталди. Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2020-2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича умумий қиймати 2 триллион 711 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа амалга оширилади. Йиғилишда бу борада тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий ташкилотлари соҳалар бўйича белгилаб олинган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши лозимлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиққан чора-тадбирлари ҳақида ахборот берди. Хусусан, инвестиция лойиҳалари, тижорат банклари томонидан дастурга киритилган лойиҳаларга кредит маблағларини ажратиш, аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, туман марказида оқова сув тармоқларини қуриш, келгусида барпо этилиши режалаштирилган объектларни жойлаштириш ҳамда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига узлуксиз электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш, бандлик дастури доирасида аҳолини иш билан таъминлаш каби муҳим вазифалар ижроси кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда уй-жойлар қуриш, туманда жорий йил дастурига кирган ижтимоий соҳа обьектларида амалга оширилаётган ишларни назоратга олиш, уларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ирригация-мелиорация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Республика вазирлик ва идоралари мутасаддилардан иборат таркибдаги ишчи гуруҳ вакиллари туманга ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.


