ЎзА Ўзбек

11.04.2019 12:53 Чоп этиш версияси

Намангандаги очиқ осмон остидаги музейни биласизми?

Намангандаги очиқ осмон остидаги музейни биласизми?

Ахсикент ёдгорлиги – қадимий шаҳар харобаси. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. 

Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йилда мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Унинг эски ўрнидан 5-7 километр ғарбда бунёд этилган янги Ахсикат эса XIV-XVII асрларга мансубдир.

Ёдгорликни археологик ўрганиш ишлари XIX аср охири ва XX аср аввалида бошланган. Ахсикент харобаларидан ғарброқда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар харобалари борлиги аниқланган. Академик Я.Ғуломов ва археолог И.Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлгани, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган Ахсикент эканини биринчи бўлиб исботлаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Наманган вилояти ҳокимлиги муассислигида "Ахсикент" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси ташкил этилди.

Ёдгорлик мажмуасини муҳофаза қилиш, бут сақланишини таъминлаш ва белгиланган тартибда рухсатнома олган археологлар томонидан археология қидирувлари, қазишма ва археология назорати ташкил этиш, чуқур илмий археология тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш мазкур дирекциянинг асосий вазифаси ҳисобланади.

3.jpg

4.jpg

8.jpg

10.jpg

13.jpg

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
25 250