ЎзА Ўзбек

15.03.2019 18:14 Чоп этиш версияси

"Муносабат" ҳақида мулоҳаза

"Муносабат" ҳақида мулоҳаза

Ижтимоий тармоқларда берилаётган материалларга тегишли ва ҳатто алоқаси бўлмаган ташкилотлар, оддий фуқаролар ҳам муносабат билдираётгани яхши, албатта. 

Бу муносабатларда уларнинг ижобий ёки салбий эканидан қатъи назар, давр руҳи сезилади, фуқаролар, айниқса, раҳбарлик курсисида ўтирганларнинг дунёқараши, савияси, амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларга ёндашуви кўриниб туради. 

Сайтимизда жорий йил 28 февралда эълон қилинган «Ярим асрлик чинорни қулатганлар ким?» сарлавҳали танқидий фотофактга муносабатлар ҳам турлича бўлди. Экологлар воқеа юзасидан дарҳол текшириш ўтказиб, амалдаги қонун талаблари бузилгани юзасидан далолатнома тузишди. Қонунбузарларнинг иши билан прокуратура органлари шуғулланмоқда. Булар ҳуқуқий давлат тамойиллари қарор топаётганидан далолат. 

2.jpg

Ўша фотоматериалга "Қашқадарё вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси" номидан ёзилган имзосиз муносабат ҳам хат шаклида келди. Аноним хатни биз эътиборсиз қолдиришимиз ҳам мумкин эди. Бироқ, бу хат остида матбуот эркинлиги учун курашиши, амалдаги қонунларга сўзсиз риоя этиши шарт бўлган, боз устига, ОАВ тўғрисидаги қонунлар ижросини таъминлашга, журналистларнинг хақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул давлат идораси номи қўйилган. Шу ҳолат бизни, афтидан идора раҳбари имзо қўймаган бу хатга муносабат билдиришга мажбур қилди. 

Шахар хокими карори.jpg

11.jpg

12.jpg

Аввало, кўп йиллик (балки ростдан ҳам ярим асрлик эмас, ўттиз етти йилликдир) чинорнинг ноқонуний кесилгани учун бошқармани айблаган эмасмиз. Уни кесиб, мебелчиларга бериб юборган (эҳтимол, сотгандир) кишилар бошқа ва улар қонунда кўзда тутилган жазодан қочиб қутула олмайди, деб умид қиламиз. Матбуот бошқармаси азим чинорни бир нарса учун, у ҳам бўлса, унинг Журналистлар уйининг очилиши билан боғлиқ бўлгани, тарихий аҳамиятга эга экани учун ҳам ҳимоя қилиши керак эди. Бундай бўлмабди. Арра кўтарганларга қаршилик кўрсатилмабди, на илож. 

1.jpg

Лекин "муносабат"да нотўғри маълумотларни қалаштириб ташлашга бошқармани нима мажбур қилди? Ахир иловада келтирилган Қарши шаҳар ҳокимининг қарорида айрим кўчалардаги "ўз шаклини йўқотган яроқсиз ва кўча кўркини бузиб турган, қурилиш-коммуникация ишларига, қурилиш остига тушган дарахтлар сони ва турини ўрганиб чиқиб, тегишли далолатнома билан кесиб ташлаш" назарда тутилган. Журналистлар уйи олдида тўрт қаватли бинодан ҳам баланд ўсиб турган адл чинор бу талабларнинг қай бирига тўғри келади? Бечоранинг айби мебелбоплигидами? Бундан ташқари, хатда Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи З. Нажимов, шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекцияси бошлиғи М. Азаматовнинг дарахт кесилишидан хабари борлиги таъкидланган. Чинорни мебелбоп қилиб кесиб мебелчиларнинг машинасига юклашга (аслида қарорнинг иккинчи бандида келтирилганидек, далолатнома асосида кесиб олинган дарахтларни Меҳрибонлик, Мурувват уйлари, мактабгача таълим муассасалари, ўрта таълим мактабларига, кам таъминланган оилаларга куз-қиш мавсумида ўтин сифатида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган) бош-қош бўлган З. Нажимовнинг хабардор бўлганига шубҳа йўқ. Аммо М. Азаматов бу ҳақда ЎзА материалидан кейин хабар топиб, қонун бузилгани ҳақида далолатнома тузган-ку!? Эколог чинор кесилишини табиатга нисбатан зўравонлик, жиноий иш эканини ҳам тили билан, ҳам ҳужжатлар билан исботлаб турибди. Ҳар ҳолда, азим чинорнинг кесилиши қонуний бўлганда айбдорлар экология ва ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштируви пайтида ўзини бемалол тутар, қонунбузарликка алоқаси бўлмаган кишиларни алмойи-жалмойи "муносабат" билдиришга мажбур қилишмас эди. 

P.S. Қимматбаҳо мебелга айланадиган азим чинорлар мавзусига бошқа қайтмаймиз, деб умид қиламиз. Бугун қонунбузарлар ҳимоячисининг «муносабат»ига муносабат билдирдик, холос. Бунинг устига Қаршида мебель саноатига ярайдиган серсоя дарахтлар қолмади, ҳисоб. Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиевнинг ташаббуси билан Журналистлар уйининг таъмирланаётгани эса ҳақиқат. 

Жамшид Норқобилов, ЎзА
3 704