ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

​Мактабларда 2020/2021 ўқув йили бошланди

​Мактабларда 2020/2021 ўқув йили бошланди

Янги 2020/2021 ўқув йили расман бугун – 14 сентябрь куни бошланди. Юртимиздаги 2 минг 635 та умумтаълим мактаби ўқувчиларни қабул қилиб олмоқда.

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 55-умумтаълим илм маскани ҳам ўқувчилари учун бағрини очди. Мазкур мактабда 915 нафар ўқувчининг 54 фоизи онлайн ўқиса, 46 фоиз ўқувчи анъанавий шаклда ўқиш истагини билдирган. Икки сменада ташкил этилаётган ўқиш жараёнида ўқувчиларнинг масофа сақлаши, санитария ва гигиена талабларига риоя қилиши чоралари кўрилди. 

Мактаб директори Фотима Турдиеванинг билдиришича, битта синфдаги биринчи синф ўқувчилари кўп бўлгани боис, дарсларни икки сменада ташкил этиш чоралари кўрилди. Ҳар бир дарс 45 дақиқадан бўлади. Сменаларда ҳам ҳар бир синфнинг мактабга келиш вақти оралиғи 0,5 соат этиб белгиланган. Ўқувчилар синфдан-синфга кўчиб юрмайди. Белгиланган муддатларда тозалик ишлари амалга оширилади. Ўғил-қизлар иккита эшикдан кириб-чиқиши ташкил этилган.

Пандемия барча соҳалар каби таълим тизими, хусусан, мактабдаги анъанавий ўқишларга ҳам таъсир кўрсатди. Юртимизда “Covid-19” аниқланган илк кунларданоқ мактаблар онлайн ўқиш шаклига ўтказилди.

Бугун 2019/2020 ўқув йили ёзги таътили якунланиб, 2020/2021 ўқув йили бошланди. Аммо пандемия сабаб режалар ўзгарди.

Мамлакатимиздаги 329 та мактаб 7 сентябрдан иш фаолиятини бошлаганди.

Мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда маҳаллий Кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади. Бунда уларнинг ҳақиқий тайёргарлиги, ҳудуддаги ёхуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилиши ва соғлиқни сақлаш тизими хулосалари ҳисобга олинади. Шу боис, мактаблар вазиятдан келиб чиқиб, босқичма-босқич фаолиятини тиклайди.

Баъзи мактабларда дастлабки ҳафталарда асосан бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим шаклига жалб қилинмоқда, айрим вилоятларда эса синфларнинг турли вақтда ва навбатда ўқиши ташкил қилиняпти. 

Мактаби фаолияти тикланмайдиган ёхуд анъанавий ўқишлар бошланиши учун тайёргарлик кўрилаётган бўлса, ўқувчиларнинг “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали дарсларда қатнашиши белгиланган. 

photo_2020-09-14_10-20-10.jpg

photo_2020-09-14_10-20-11.jpg

11 632
Барно Мелиқулова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА