ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Хавфли зараркунандалар мамлакатимиз ҳудудига ўтказилмайди

Хавфли зараркунандалар мамлакатимиз ҳудудига ўтказилмайди

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Бухоро вилояти Олот ўсимликлар карантини чегара маскани ходимлари томонидан қўшни Туркманистон Республикаси орқали ўтувчи юк машиналари мунтазам текширилмоқда. 

Карантин остига олинган ўсимликлар ва бошқа хавфли зараркунандаларнинг мамлакат ҳудудига ўтишининг олди олинаётир.

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Бухоро вилояти матбуот хизмати маълумоти кўра, масканда фаолият юритувчи инспекторлар ҳар иккала мамлакат ҳудудидаги 3 километр масофада фитосанитар дала назоратини олиб боради. Якунланган август ойида бутун дунёдаги карантин ҳолати ҳисобига маскандан машиналар ўтиши нисбатан камайган. 

Жумладан, 40 та мамлакатдан карантин ости маҳсулотлари ортилган машиналар ўтган бўлса, шулардан 8 тасидаги 202 тонна юк импорт маҳсулотларидир. 32 та машина махсус рухсатномасиз келгани учун жаримага тортилди. Маскандан 16 минг 588 тонна транзит юклар тўлиқ назоратдан ўтказилгач, чегарадан ўтишга рухсат берилди.

– Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг тараққиёти кўп жиҳатдан ўсимликлар карантини инспекцияси фаолиятига ҳам боғлиқ, – дейди Олот ўсимликлар карантини чегара маскани агроном-инспектори Истам Қурбонов. – Агар карантин ости ўсимликлари, масалан, шумғия, девпечак, зарпечак, олма қурти ва бошқа зараркунандалар мамлакат ҳудудига ўтиб кетса, қишлоқ хўжалиги эканларига катта моддий зарар етказилади. Шунинг учун ходимларимиз ҳар бир ўтаётган юк машинасини ғоятда ҳушёрлик билан текширувдан ўтказишади.

Маскан инспекторлари томонидан қишлоқ хўжалиги майдонларида ҳам фитосанитар дала назорати ўтказиб турилади. Мавжуд боғлар ва экинзорлар мавсумий равишда назорат қилинади. Ўсимлик ва мевали дарахтларнинг карантин ости касалликлари билан зарарланганлик даражаси аниқланади. Зарарланиш аниқланган тақдирда зудлик билан далолатномалар тузилади. Зараркунандаларни йўқ қилиш чоралари кўрилади.

– Дала назорати ғоят муҳим тадбир саналади, – дейди Олот ўсимликлар карантини чегара маскани агроном-инспектори Жамолиддин Авезов. – У мунтазам ўтказиб турилади. Карантиндаги зараркунандалар, бегона ўтлар ва ўсимлик касалликлари – бўлажак ҳосил заволидир. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик бизнинг асосий вазифаларимиздан бири. Мана, бугун ҳам олмазор боғда карантин назорати олиб бориляпти. Текширувлар натижасига кўра боғда ҳеч қандай карантин объектлари аниқланмади. Демак, боғ ҳосили истеъмолчилар учун безарар ҳисобланади.

– Маскан ходимлари доимо ўз билим ва тажрибаларини ошириб бормоқда. – дейди Чегара маскани пост мудири Фахриддин Исаев. –Сўнгги йилларда кўплаб ёш мутахассислар иш бошлагани ҳам маскан фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу албатта, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

photo_2020-09-18_12-45-46.jpg

photo_2020-09-18_12-45-47.jpg

photo_2020-09-18_12-45-48.jpg

2 228
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА