ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Имтиҳонлар шаффоф ва адолатли ўтмоқда

Имтиҳонлар шаффоф ва адолатли ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2020-2021 ўқув йили учун мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг магистратура йўналишига кириш имтиҳонлари жорий йилнинг 8-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Aбитуриентлар бутун республика бўйлаб жами 13 та ҳудуддаги 19 та махсус ҳозирланган биноларда қатъий карантин қоидаларига амал қилган ҳолда онлайн тест топширмоқда.

Бухоро вилоятида ҳам имтиҳон учун Бухоро-муҳандислик технология институти бош биносида махсус жой ҳозирланиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар талабгор тест топшириш имкониятига эга. Тестлар 3 сменада, яъни соат 8:00, 12:00 ва 16:00 да бўлиб ўтмоқда.

Жорий 14 сентябрь куни Бухоро давлат тиббиёт институтининг магистратура мутахассиcликларига ҳужжат топширган талабгорлар учун кириш имтиҳонларига старт берилди. 2020-2021-ўқув йилида институтга магистратура мутахассисликлари учун жами 119 нафар жой ажратилган бўлиб, 183 нафар абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинди. Бу ўқув йилида Aкушерлик ва гинекология, эндокринология, кардиология, оторинолорингология, неврология, анестезиология ва реаниматология, гематология ва трансфузиология, стоматология мутахассисликларига талабгорларнинг ҳар йилгидан кўра ортганлигини кўриш мумкин.

Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл – 250 балл бўлиб, шундан абитуриентлар 30 та тест савол учун жами 69 балл, талабгорнинг илмий-педагогик лаёқати (ёки илм олиш қобилияти)ни аниқлаш бўйича 10 та тест саволи учун жами 31 балл, чет тили бўйича 25 та тест саволи учун жами 50 балл ҳамда битирувчининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи учун 100 балл белгиланган. Талабгорларга тест ечиш учун 130 дақиқа ажратилади.

Бўлиб ўтган тест синовларида ҳам имтиҳон ўтказиладиган ҳудудга абитуриентлар тана ҳарорати ўлчанган ҳолда, антисептик воситалар билан дезинфекция қилинган ҳолда қабул қилинмоқда. Талабгорлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда компьютерларда тест саволларига жавоб беради. Имтиҳон жараёнлари тўлиқ видео камера кузатуви остида ўтади.

Бу йилги магистратура қабул имтиҳонлари ҳужжатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг magistr.edu.uz сайти орқали онлайн қабул қилинди. Имтиҳонлар вазирлик назорати остида марказлашган ҳолда шаффоф ва адолатли бўлиб ўтмоқда.

photo_2020-09-18_15-49-13.jpg

2 344
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА