ЎзА Ўзбек

12.09.2020 Чоп этиш версияси

Фарғонада томчилаб суғориш жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда

Фарғонада томчилаб суғориш жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда

Мамлакатимизда экинларни суғоришда илғор усуллар, жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 Мазкур усул ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради. Фарғона вилоятида бу борада янги лойиҳалар жорий этилиб, сув тежовчи технологиялар ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Фарғона шаҳридаги Шуҳратжон Носиров номидаги кластер қошида ташкил этилган “Фергана агродрип” масъулияти чекланган жамияти томонидан сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмни, йиллик қуввати 850 тонна шланг, 150 тонна труба ишлаб чиқаришни ташкил этади. 15 нафар мутахассисга иш ўрни яратилган.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур корхонада бўлиб, янги технология линиялари билан яқиндан танишди. Унинг имкониятлари, истиқболлари, улардан самарали фойдаланиш йўллари ҳақида мутахассислар, фермерлар билан фикр алмашди.

- Томчилатиб суғориш жиҳозларини ишлаб чиқариш корхонасининг иш бошлаши шубҳасиз, мазкур йўналишдаги амалий қадамлардан бири бўлди, - деди вилоят ҳокими. – 2019 йилда 5,5 минг, 2021 йилда эса 30 минг гектар пахта, боғ шу технология асосида суғорилади.

Албатта аниқ мақсадлар, вазифалар бор. Уларга эришиш учун эса тушунтириш, тарғибот ишларини кенг кўламда амалга ошириш керак. Шу боис корхонада вилоятдаги шаҳар-туманлардан келган масъул идоралар вакиллари ҳамда фермерлар иштирокида тақдимот бўлиб ўтди. Унда сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, шу усулда фаолият кўрсатаётган фермерлар тажрибаси ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

photo_2020-09-12_18-14-40.jpg

photo_2020-09-12_18-14-44.jpg

photo_2020-09-12_18-14-46.jpg

2 670
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА