Эътибордан четда қолган ҳудуд
ФОТОТАНҚИД.
Бухоро вилояти Когон туманидаги Хўжа якшанба маҳалласига йўлингиз тушса, ҳудуддан ўтган автомобиль йўли кўнглингизни хира қилмай қўймайди. Ўнқир-чўнқирлар, ёриқлардан кўриниб турибдики, яроқлилик муддатини аллақачон ўтаб бўлган йўл анча йиллардан буён таъмирланмаган.
Туман магистрал йўли билан туташувчи ушбу йўлдан Шейхлар, Бўғи Мирзо, Нишовур, Юқори, Қуйи хози қишлоқлари аҳолиси фойдаланади. 15-, 3-умумтаълим мактабларига ҳам шу йўналиш орқали борилади. Ҳайдовчию йўловчилар қишда лой кечиб, ёзда чанг ютиб чарчаган. Йўл ёқасидаги бекатлар аҳволи ҳам ҳаминқадар. Ён-атрофдаги хонадон эгалари томонидан йўл бўйига сув тўлдириш учун чиқариб қўйилган идишлар бу жойларда тоза ичимлик суви йўқлигидан дарак беради. Шу ерда яшовчи фуқаролардан бири қишлоқда болалар боғчаси ҳам йўқлигини таъкидлади.
Бундай муаммолар “ҳудуд мутасаддилар эътиборидан четда қолганми?”, деган савол туғдириши табиий. Хўш, улар бунга нима дейишаркан?