ЎзА Ўзбек

19.05.2020 Чоп этиш версияси

Эрон хандон пистаси қийғос гуллади

Эрон хандон пистаси қийғос гуллади

Сурхондарё жозибадор табиат манзаралари, экологик тоза, хуштаьм турли мева ва бошқа зироатлари билан агроэкотуризмни ривожлантириш учун беқиёс имконият ва қулай муҳитга эга ҳудуд.

Воҳага келган меҳмонлар тоғу-далалардаги бир-бирини такрорламайдиган гўзал манзаралардан завқ-шавқ олиш баробарида турли мева ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини татиб кўриб, дармондорига бой ранг-баранг неъматлардан баҳраманд бўлиши мумкин. 

Сариосиё туманидаги “Боғу-бўстон” фермер хўжалиги тоғ бағрида етиштирилган ширин мевалари билан танилган. Бу ерда парваришланаётган олма, анор, писта ва бошқа мевали дарахтларнинг лалми ерларда мўл ҳосил бераётганидан кўзингиз қувнайди. Изланувчан, танти соҳибкор бобонинг меҳнати ва ақлу-заковатига лол қоласиз. Хўжаликда етиштирилаётган маҳсулотлар бунга яққол далилдир. Ҳисор тоғ тизмалари қўйнига баҳор ўз сепини тўшаган айни дамда дов-дарахтлар қийғос гуллаб, мўл ҳосил нишонасини кўрсатмоқда.

photo_2020-05-19_17-32-38.jpg

– Шу кунларда тоғли ҳудудларимиздаги қай бир гўшага борманг, бир-биридан гўзал табиат манзаралари сизни беихтиёр мафтун этади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Сариосиё туманидаги масъул ходими Б. Ўроқов. – Камалак рангида товланадиган шифобахш ўсимликлар гулининг нафис ифори димоғингизга урилиб, руҳингизни янада тетиклаштиради. Аслида бу ерлар йилнинг ёз ва қиш фаслларида ҳам ана шундай мафтункор рангларда товланиб туради. Теварак-атроф яшилликка қопланган ёзнинг чилласида ҳам бу ерларнинг мўътадил об-ҳавоси инсон танасига хуш ёқади. Таъми тилни ёрадиган мевалари бирин-кетин етилиб, пиша бошлайди. Бундай жойларда, тоза, мусаффо табиат қўйнида сайр қилишнинг гашти бўлакча ва унутилмас таассуротларга бой бўлади.

Машҳур фермер 40 гектар ярим сувли ва лалми майдонда семеренка, голден, кримсон каби олма, бир ярим гектар ерда анор, ярим гектар майдонда интенсив узум етиштирмоқда. Шунингдек, қарийб бир гектар ерга 130 туп Эрон хандон пистасини экиб, кўп йиллардан буён меҳр билан парваришлаб келаётир. Икки юз туп оқ марварид навли тут ҳам мўл ҳосил бермоқда. Баҳор таровати билан янада гўзал манзара кашф этган боғда узумзор куртак ёзди. Эртапишар олмалар ҳосил тугди. Шакардек ширин тут меваси пишиб қолди.

– Барчамиз бирдек севиб истеъмол қиладиган писталар асосан тоғда ёввойи ҳолда ўсади, – дея суҳбатни давом эттиради Б.Ўроқов. – Шу боис кўпчилигимиз унинг қандай гул кўрсатишию, пишиб, етилишини тасаввур қилолмаймиз. Шу кунларда хўжаликка келган киши писта гулларини, ёзда эса хом меваларини мириқиб томоша қилиши, кузда келганлар ундан боғнинг ўзида татиб кўриши мумкин.

photo_2020-05-19_17-32-40.jpg

Фермер хўжалигида лалми боғ яратилганига ўттиз йилдан, пистазорни барпо этганига ўн йилдан ошди. Тоғ қўйнидаги сувсиз ерларда боғу-бўстон яратган фермер Носирхон бобо Тўрақулов тўқсон ёшга яқинлашган бўлса-да, табаррук отахонни боғда учратасиз.

– Писталарни уруғидан экиб, кўкартирганмиз,– дейди Н.Тўрақулов. – Асосан тоғ тизмаларида ўсадиган бу мевали дарахт сувсизликка чидамли. Кўп агротехник парвариш талаб этмайди. Бироқ, кўчатларнинг бу ерга мослашиб, ривожланиши ва ҳосилга киришини кўп йиллар кутдик. Энди мевасини олаяпмиз.

Лалми ерларда боғ яратиш усуллари билан қизиқсангиз, албатта Сариосиё туманидаги Тоқчи қишлоғига келинг. Хушманзара гўшани айланиб, лалми ерларда мўл ҳосил бераётган боғ билан яқиндан танишасиз. Табаррук соҳибкор отахон билан лалми боғ яратиш усуллари ҳақида дилдан суҳбат қуриб, у киши етиштираётган сархил мевалардан баҳраманд бўласиз.

3 440
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА