ЎзА Ўзбек

12.06.2019 13:07 Чоп этиш версияси

Дўстлик байрами

Дўстлик байрами

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Манас қишлоғида ва Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Халқлар дўстлиги” маданият кунлари ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 25 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни этиб белгиланди. Шу муносабат билан жорий йил июнь ойи юртимизнинг барча ҳудудларида “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилиниб, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Дўстлик тумани Манас қишлоғида ва Мирзачўл тумани Гагарин шаҳрида Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилган “Ёшлар куни” байрам тадбирларида ҳудудда яшовчи турли миллат вакиллари, Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.

1.jpg

Байрам тадбирлари давомида миллий маданий марказлар томонидан халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари, фольклор-этнографик ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастурлари намойиш этилди. Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар, шоир-ёзувчилар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига, етим болаларга моддий ёрдам кўрсатилди, совғалар топширилди.

3.jpg

– Ёшлар ойлиги доирасида “Халқлар дўстлиги” маданият байрами ташкил этилиши турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган туманимизнинг байналмилал хусусиятига жуда мос тадбир бўлди, – деди Мирзачўл туманидаги 14-умумтаълим мактабининг ёшлар етакчиси Муҳайё Абдуллаева. – Энг муҳими, байрам тадбирларида турли миллат ёшлари оддий иштирокчи бўлмади, балки унинг янада мазмунли ўтишига фаол ҳисса қўшди. Шубҳасиз, бундай тадбирлар ёшларимизда миллий қадриятларимизни, турли миллатлар маданиятини, анъаналарини, халқлар ўртасида дўстликни ҳурмат қилишга ўргатишда амалий аҳамият касб этади.

“Ёшлар ойлиги” давомида вилоятнинг барча ҳудудларида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА
894