ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Болажонлар учун онлайн танлов

Болажонлар учун онлайн танлов

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши ва вилоят мактабгача таълим ташкилоти бошқармаси ҳамкорлигида 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида онлайн тарзда кўрик-танлов ташкил этилди.

– Жорий йилнинг август ойи давомида мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилди, – дейди ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши Ахборот хизмати раҳбари Муслима Рўзиева. – Танловда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган туман ва шаҳар мактабгача таълим ташкилотларининг 100 дан ортиқ тарбияланувчилари “Рассом болажон”, “Рақслар жилоси” ҳамда “Эртакчи болажон” йўналишлари бўйича қатнашди.

Танловнинг вилоят босқичида сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси Маҳсуд Муҳаммедов таълим ташкилотлари тарбиячиларига, иштирокчилар ва уларнинг ота-оналарига танловда фаоллиги учун миннатдорлик билдирди. Ўтказилган мазкур онлайн танлов келажак авлодни миллий қадриятлар, анъаналар руҳида тарбиялаш, урф-одатларда акс этган эзгулик, ватанпарварлик ғояларини улар қалбига сингдириш, миллий маънавиятимизнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганишни тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.

Партия вилоят кенгашида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ходимларидан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаш босқичи иштирокчилари орасидан вилоят босқичи ғолиблари аниқланди. 

Кўрик-танлов иштирокчилари йўналишлар бўйича белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.

Кўрик-танлов якунида онлайн танлов ғолиблари партия вилоят кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

photo_2020-09-17_14-30-48.jpg

photo_2020-09-17_14-30-56.jpg

2 062
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА