ЎзА Ўзбек

22.05.2020 Чоп этиш версияси

Қардош турк халқидан навбатдаги инсонпарварлик ёрдами

Қардош турк халқидан навбатдаги инсонпарварлик ёрдами

Бугун тунда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига Истанбулдан чартер йўналиш бўйича учган самолёт келиб қўнди. «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тегишли мазкур ҳаво лайнерида 267 нафар йўловчи юртимизга олиб келинди. Энг муҳими ушбу рейс орқали қардош турк халқи ва Туркия ҳукуматининг бугунги мураккаб вазиятда халқимизни қўлаб-қувватлашга қаратилган, коронавирусга қарши кураш жараёнида беқиёс аҳамиятга эга бўлган инсонпарварлик ёрдами ҳам етказилди.

- Биринчи навбатда биз учун энг қувонарлиси, 250 дан зиёд юртдошларимизнинг Ватанимизга қайтарилишидир, - деди Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Султонов. - Улар орасида турли ёшдаги фуқароларимиз, айниқса, гўдаклар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари ушбу ҳаво кемасида келган инсонпарварлик юкини ҳам қабул қилиб олди. Ўпкага сунъий нафас юбориш учун мўлжалланган мазкур аппаратлар республикамиз бўйлаб биринчи навбатда эҳтиёж бўлган, энг зарур нуқталарга тарқатилади. Ушбу кўмак эпидемия устидан тўлиқ ғалаба қозонишимизни таъминлашда катта ёрдам беради. Коронавирус асоратларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қизғин давом этаётган мана шундай мураккаб шароитда бефарқ қараб турмаган Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигидаги Туркия ҳукуматига, сахий турк элига халқимиз, қолаверса, юртимиздаги барча тиббиёт ходимлари номидан чексиз миннатдорлик изҳор этамиз. 

Tukkiyadan-yuk-odamlar (6).jpg

Маълумки, жорий йил 22 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти чоғида янги глобал хатар – коронавирус инфекциясининг шиддатли тарқалишига қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди. Мазкур беғараз ёрдам ушбу мулоқотда икки давлат раҳбари ўртасида эришилган келишувларнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлди.

- Бутун ер юзида оғир вазият юзага келганда икки қардош мамлакатнинг бир-бирига ёрдам бериши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, бу табиий ҳол, - деди Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили Айбуке Туран хоним. - Бизнинг президентимиз ташаббуси ва топшириғи билан амалга оширилган бу галги гуманитар ёрдам ҳам ана шу ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. 

Tukkiyadan-yuk-odamlar (8).jpg

Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, инсонпарварлик юки таркибида COVID-19 вируси пандемиясига қарши курашда фойдаланиладиган 50 дона ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати бор. Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилган мазкур ускуна халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказилган бўлиб, коронавирус касаллигининг оғир шаклини бошидан кечираётган беморларни соғлом ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.

- Ўзбек ва турк халқлари азалий қардош, яхши-ёмон кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган икки эл ҳисобланади, - дейди Туркия элчихонаси масъул ходими Каан Баққолбоши. - Бугунги кунда, айниқса давлатларимиз раҳбарларининг қатъий иродаси билан ўзаро муносабатларимиз мисли кўрилмаган даражада юқори чўққига кўтарилди. Албатта, бу яқин ҳамкорлик бутун дунёни ларзага солган коронасирус пандемияси даврида ҳам яққол намоён бўлди.

Аввалроқ эпидемия билан самарали кураш олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Туркия Ўзбекистонга шахсий ҳимоя воситалари – 50.000 дона тиббий ниқоб ва 200.000 та комбинезондан иборат гуманитар кўмак юборган эди.

Tukkiyadan-yuk-odamlar (11).jpg

Tukkiyadan-yuk-odamlar (13).jpg

3 346
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА