ЎзА Ўзбек

09.07.2020 Чоп этиш версияси

Ҳам иш ўрганамиз, ҳам даромад оламиз

Ҳам иш ўрганамиз, ҳам даромад оламиз

Бухоро вилояти Вобкент туманида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада сектор раҳбарлари, халқ депутатлари Вобкент тумани кенгаши депутатлари ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари жалб этилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

2020 йил давомида жами 2 минг 356 нафар банд бўлмаган ёшларнинг 1 минг 919 нафари, яъни 81,5 фоизи иш ўрни билан таъминланиши режалаштирилган.

Тумандаги Паноб маҳалла фуқаролар йиғинида 2 миллион 724 нафар аҳоли, 700 тадан ортиқ оила истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудидаги ерларда интенсив боғлар ташкил этилган бўлиб, ўрик, шафтоли, қароли, гилос каби кўплаб дарахтлар билан бирга узум токлари ҳам ўтқазилган. Боғнинг қатор ораларига полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.

– 38 гектар интенсив боғимиз бор, – дейди 25 ёшли «Эклюзив Агро эксперт» МЧЖ қўшма корхонаси ижрочи директори Шариф Шарипов. – Шу боғнинг 30 гектарини наманганлик миришкор деҳқонларга шартнома асосида берганмиз. Улар қатор орасига полиз маҳсулотларини экиб, деҳқончилик қилмоқда. Қолаверса, вобкентлик 33 нафар ёшларга полиз экинларини етиштириш ва уни парваришлашни ўргатмоқда. Ёшлар ҳам деҳқончилик сирларини ўрганяпти, ҳам бандлиги таъминланди.

photo_2020-07-09_14-35-15.jpg

– 6 йилдан буён Бухоро вилоятининг Жондор, Когон, Қоровулбозор, туманларида деҳқончилик қилиб келяпман, – дейди 26 ёшли наманганлик деҳқон Достон Азимбоев. – Мана икки йилдирки Вобкент туманида полиз маҳсулотлари етиштириб, деҳқончилик сирларини вобкентлик ёшларга ўргатяпман. Токзорлар орасига қовун, тарвуз экканмиз. Ўтган йили гектаридан 15 тонна ҳосил олган бўлсак, бу йил 20 тонна маҳсулот етиштиришни режалаштиряпмиз. Меҳнат қилган кам бўлмаслигини ёшларга ўргатяпмиз. Гектаридан 35-40 миллион даромад олишни кўзлаяпмиз.

– Уйимиз олдида боғ мавжуд, – дейди туманнинг Янги ҳаёт қишлоғида яшовчи Гулҳаё Наимова. – Шу боғда полиз маҳсулотлари экилган. Ёзги таътилда маҳалла ёшлари оиласига даромад олиб келиш мақсадида мазкур боғдаги ишларда қарашамиз, бобо деҳқонга ёрдам берамиз. Ҳам тажриба алмашиб, экин сирларини ўрганамиз, ҳам ишлаган ишимизга қараб, 50-60 минг сўм кунлик пулимизни оламиз.

Туманда 2020 йил январь-май ойлари давомида ишга жойлаштирилган ёшлар сони 744 нафарни яъни 38,8 фоизни ташкил этмоқда.

photo_2020-07-09_14-35-17.jpg

photo_2020-07-09_14-35-19.jpg

photo_2020-07-09_14-35-21.jpg

3 368
Зариф КОМИЛОВ, Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА