ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Ахборот-кутубхона маркази аҳоли хизматида

Ахборот-кутубхона маркази аҳоли хизматида

Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган Қарши туманидаги ахборот-кутубхона маркази фойдаланувчиларга замонавий шароитларда хизмат кўрсатмоқда.

Гап шундаки, марказ биноси анча йил олдин қурилган бўлиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган, китобхонлар учун етарлича шарт-шароитлар йўқ эди. Яъни ёзда иссиқ, қишда совуқ.

Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида марказда зарур шароитлар яратиш учун 771 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди. 

Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Global Construction Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан бажарилди. Бино янги, замонавий қиёфа касб этди, китобларни сақлаш учун янги бино қурилди, алоҳида ҳовли қилиниб, атрофи девор билан ўраб олинди, айвон, қўшимча резервуарлар тикланди.

– Умумий фондимиз 43 мингдан ортиқ бўлиб, улар бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп адабиётлар, маълумотнома ва луғатлар, ўқув-методик қўлланмалардан иборат, – дейди марказ директори Шаҳло Тоғаева. – Умумий қатнов 8 мингга яқин. Кутубхоначиларимиз турли идора, ташкилотларга бориб, кўчма кутубхоналар ташкил қилмоқда. Китоблар 10-15 кунда алмаштириб турилади. Қолаверса, бугунги пандемия шароитида китобхонларга, мактаб ўқувчиларига ижтимоий тармоқлар орқали ҳам хизмат кўрсатаяпмиз. Улар сўраган китобларнинг электрон ва босма нусхалари етказилмоқда.

Марказнинг очилиш маросими кенг жамоатчилик, ҳокимлик, прокуратура вакиллари, китобхонлар иштирокида тантанали равишда ўтказилган эди. Тадбирда туман ҳокими Махсуда Мустафаева ахборот-кутубхона марказига 100 миллион сўмлик китоб жавонлари ўрнатилишини маълум қилган эди.

Ўз навбатида янгиланган ахборот-кутубхона марказидаги шароитларни янада яхшилаш учун замонавий компьютерлар, жавонлар, китобхонлар учун стол-стуллар, китоб муқовалаш ва кесиш ускуналари, замонавий адабиётлар ва бошқа зарур жиҳозларга эҳтиёж сақланиб қолаётганини таъкидлаш жоиз. Туман ҳокимлиги назоратида Президент қарорида белгиланган шароитлар яратилса, мазкур ахборот-кутубхона маркази кўпчиликнинг севимли масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.

photo_2020-09-18_12-54-28.jpg

photo_2020-09-18_12-54-29 (2).jpg

1 892
Ў.БАРОТОВ, Ж. Норқобилов (сурат), ЎзА