ЎзА Ўзбек

14.10.2016 17:04 Янги қонунларга шарҳлар

Пойтахтимизда янги қонун мазмун-моҳияти ҳақида давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган тадбирда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун мазмун ва моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрда имзолаган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда нафақат ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солиш, балки соҳа ходимларининг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани жамият тараққиётига хизмат қилади.

Академия ректори М.Алиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Раҳмонов ва бошқалар мамлакатимизда давлат томонидан халқ тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш, жамият тараққиёти йўлида мустақиллигимизнинг илк йилларидан изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ички ишлар органлари тизимини шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган фармон ва қарорлари алоҳида аҳамият касб этди.

Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш тизимининг асосий бўғини бўлган ички ишлар органлари тизими йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. Соҳа фаолиятини тартибга солишга оид янги қонун қабул қилингани бу борада муҳим қадам бўлди.

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ва принциплари қамраб олинган. Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, ваколатлари аниқ белгиланган. Соҳада хизматни ўташ тартиби ва шартлари, ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кафолатларига эътибор қаратилган. Халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳимоя қилиши лозим.

Фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ички ишлар органларининг асосий вазифаси эканлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани соҳа ходимларининг бу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини янада оширади.

Норгул Абдураимова, ЎзА