Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 19:13 Янги қонунларга шарҳлар

Ўзбекистон ва Қирғизистон: барқарор иқтисодий муносабатларнинг шартномавий- ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 4 октябрь куни бўлиб ўтган ўн иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди ва кучга кирди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасига оид шартноманинг ратификация қилингани Ватанимизнинг ташқи сиёсати ва миллий манфаатлари учун алоҳида аҳамият касб этувчи ўта муҳим ҳужжатдир. Ўз мазмунига кўра тарихий аҳамиятга эга бўлган мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида имзоланган эди. Президентимизнинг мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиғидир.

Президентимизнинг жорий йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидланганидек, “Сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон –Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди. Томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёр эканини намоён этгани туфайли ўтган йигирма олти йил давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича катта натижага эришилди”.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари барча соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда. Собиқ тузум парчаланганидан сўнг объектив ва субъектив сабабларга кўра чегараларимизнинг кўп қисми демаркация ва делимитация қилинмаган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари учрашувида чегараларимизнинг қарийб 85 фоизи белгилаб олинди. Қолган 15 фоизи яқин вақт мобайнида ҳал этилишига келишилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ҳозирги кунга келиб 6 чегара пости ўз ишини бошлагани давлатимиз раҳбарининг Қирғизистонга давлат ташрифининг амалий натижаларидан саналади.

Шартноманинг мақсадлари аниқ ва равшан. Авваламбор, у икки қардош халқ, икки давлат ўртасида ҳамкорлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ҳамда тенг ҳуқуқлиликка асосланган дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Халқларимизни асрлар давомида ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари боғлаб келган. Бу ришталар ҳар вақт турли қийинчилик ва синовларни биргаликда енгиб ўтишга ёрдам бериб келган. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, “Халқларимизнинг қони бир, тили бир”.

Муносабатларимиздаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва унинг ўсиш динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, 2017 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ўсиб, 170 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокида таъсис этилган 54 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Қирғизистонда Ўзбекистон резидентлари томонидан барпо қилинган 49 корхона иш юритмоқда.

Осиёнинг етакчи давлатлари бозорларига чиқишда Қирғизистоннинг транзит имкониятлари биз учун жуда муҳим. Мамлакатимиз товарларининг Хитойга ушбу давлат орқали етказилиши учун, бор-йўғи, 300 километрга яқин масофани босиб ўтиш керак, холос.

Шу муносабат билан икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашувда минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа масофали темир йўл барпо этиш масаласи, Андижон – Ўш – Қошғар йўналиши бўйича автомобиль йўлидан фойдаланиш каби масалалар минтақада савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон бир-бири учун муҳим савдо-иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Эндиликда, олий даражадаги учрашувдан кейин, давлатларимиз раҳбарлари яратиб берган қулай муҳит самарасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Ана шундай янги имкониятлар кучга кирган Шартнома орқали янада кенгайди. У ўта муҳим масалани ечади – икки мамлакат ўртасида давлат чегаралари чизиғининг ўтишини аниқлайди ва белгилайди. Шу орқали Шартнома ўзбек ва қирғиз халқлари, икки давлат орасида дўстлик ва ҳамкорлик учун муҳим ҳуқуқий пойдевор яратди.

Бу ниманинг эвазига содир бўлади, деган табиий савол туғилиши мумкин. Биринчидан, бу келишув икки давлатнинг мустақиллигини, суверенитетини мустаҳкамлашга, уларнинг ҳудудий яхлитлигини, чегараларининг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган. Барча мустақил давлатларнинг энг асосий вазифаси, шу билан бирга ажралмас ҳуқуқи – бу ўз давлат чегараларини аниқлаш, уларни тегишлича қўриқлаш учун зарур чораларни қўллашдир.

Иккинчидан, маълумки икки томонлама муносабатларни муттасил ривожлантириш уларнинг ҳуқуқий пойдеворини такомиллаштиришни тақозо этади. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини турли соҳалардаги ҳамкорликни тартибга солувчи 154 битим ва келишув ташкил этмоқда. Лекин шу кунга қадар чегараларни белгилаш ҳақидаги икки томонлама ҳужжат бўлмаганлиги, очиғини этиш керак, давлатлараро ҳамкорликни тўлақонли ривожлантириш учун тўсиқ бўлиб келаётганди.

Кучга кирган Шартнома ана шу муаммони ечиб, ўзбек-қирғиз алоқаларининг ҳуқуқий пойдеворини янада ривожлантириб, икки томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлашга, сифат нуқтаи назаридан янги поғонага кўтаришга хизмат қилади.

Шартноманинг мазмуни ва моҳиятига келсак, у муқаддима, 10 модда ва учта иловадан иборат.

Шартнома билан 1170,53 километр узунликдаги давлат чегаралари чизиғининг тавсифи ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари делимитациясига оид картографик ҳужжатлар, шунингдек, электрон (растрли) картографик ҳужжатлар тасдиқланди.

Шартноманинг 6-моддасига мувофиқ, икки давлат ўртасидаги давлат чегараларининг айрим қисмлари бўйича чегаралар чизиғининг ўтиши тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш учун музокараларни давом эттириш ва тегишли шартнома тайёрлаш зарурлиги тўғрисида аҳдлашиб олинди.

Шартноманинг 7-моддасида томонлар Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма демаркация комиссиясини тузишга келишиб олган. Жойида чегара чизиғини аниқлаш ишларини чегарадош томонларнинг ҳукуматлари томонидан тузилган аралаш комиссия амалга оширади ва чегара тегишли белгилар билан белгиланади.

Шартноманинг 10-моддасига биноан, мазкур ҳужжат муддатсиз ҳисобланади. Ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари алмашилган кундан бошлаб кучга киради. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома шу йилнинг 28 сентябрь куни Қирғизистон Республикаси Жокоргу Кенеши, яъни мазкур давлат парламенти томонидан ратификация қилинди ва Ўзбекистон Республикаси тегишли тартибда бу ҳақида расмий маълумотномани олди. Мазкур Шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун Қирғизистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Олий Мажлис Сенатида маъқулланган мазкур Шартномага оид қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, 5 октябрь куни матбуотда эълон қилинди ва кучга кирди.

Шартноманинг икки мамлакатда ҳам кучга кириши Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг барқарор иқтисодий ривожи, муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга мустаҳкам замин яратди. Бу томонларнинг хўжалик субъектлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш, тизимли ва узоқ муддатли асосларда ўзаро маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширишига хизмат қилади.

Алишер Курманов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, 
хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА






Все о погоде - Pogoda.uz