ЎзА Ўзбек

12.10.2016 14:05 Янги қонунларга шарҳлар

Ёшлар янги қонун билан танишди

Тошкент маданият коллежида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Олмазор тумани кенгаши ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шароит юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаради. Мазкур ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиради.

Янги қонун ёш авлод манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши, давлат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари мустаҳкамлаб қўйилгани ҳамда уларнинг бой ўтмишимиз, анъаналаримизни мукаммал биладиган, ёт ғояларга қарши тура оладиган, оммавий маданият, диний экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик кўринишидаги таҳдидларга қарши кураша оладиган бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

– “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани давлатимизнинг ёшларга юксак эътибори намунаси деб биламиз, – дейди коллеж ўқувчиси Шоҳрух Иномжонов. – Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли асосда мустаҳкамланганлиги бизни руҳлантирди.

Тадбирда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари янада кенгайгани, давлат томонидан ҳимоя қилиниши очиқ мулоқотлар орқали тушунтирилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА