ЎзА Ўзбек

24.10.2016 18:50 Янги қонунларга шарҳлар

Ёшлар қонун моҳияти билан танишди

Тошкент темир йўл муҳандислари институтидa мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ва унинг аҳамиятига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг келажаги йўлида ғамхўрлик кўрсатишнинг миллий тизимига асос солингани таъкидланди.

Халқимиз Ватанимиз келажаги, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши ёшларимизнинг қай даражада таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб катта ҳаётга кириб келишига боғлиқ эканини чуқур англамоқда. Келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етиши учун ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни янада такомиллаштириб бориш зарур.

– “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади, – дейди Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар номзоди Э.Қодиров. – Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан фуқаролар, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. Навқирон авлод тақдири давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, ҳуқуқий манфаатлари алоҳида қонун билан ҳимоя қилиниши улар учун улкан имкониятлар эшикларини очиш билан бир қаторда ўғил-қизлар қалбида фахр туйғусини пайдо қилади, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ҳар бир ўғил-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши, қонунларимизни чуқур ўрганиши, уларнинг мазмун-моҳиятини англаб етиши лозим.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 сентябрда имзолаган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги янги қонун ёш авлод манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши, давлат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашнинг механизмлари мустаҳкамлаб қўйилгани ҳамда уларнинг бой ўтмишимиз, анъаналаримизни мукаммал биладиган, ёт ғояларга қарши тура оладиган, "оммавий маданият", диний экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби таҳдидларга қарши кураша оладиган бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Тадбирда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Мутахассислар ёшларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА