ЎзА Ўзбек

23.09.2016 15:45 Янги қонунларга шарҳлар

Ёшлар бахту камолининг ҳуқуқий асоси

Истиқлол йилларида Ўзбекистон ёшлари ўзининг ноёб истеъдоди, улкан салоҳияти билан дунё аҳлини лол қолдирди, илм-фан, ишлаб чиқариш, маданият, санъат ва спорт оламида ўз ўрни, ўз овозига эга бўлди. Бугун жаҳон саҳналарида, спорт ареналарида буюк аждодларнинг муносиб ворислари эканини исбот этаётган ёшларимизни номма-ном санасак, адоғига етолмаймиз.

Эришилаётган ютуқларнинг барчаси мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг илк кунлариданоқ амалга оширилган кенг кўламли ёшларга оид давлат сиёсатининг беқиёс самарасидир.

1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун собиқ тузум даврида йиғилиб қолган ёшларнинг энг муҳим ҳаётий масалаларини ҳал этиш, эртамиз эгаларини ҳар жиҳатдан юксак даражада камол топтиришга қаратилган устувор вазифаларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.

Мустақиллик йилларида ёшларга оид давлат сиёсати ўтиш даврининг ўзига хос зиддиятларида тобланди, халқимизнинг азалий орзу-умидлари ва ёшлар манфаатларига яқинлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, қатор фармон ва қарорлар, дастурлар ёшларга миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида, замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, бандлигини таъминлаш, истеъдодини юзага чиқаришда кенг имкониятлар яратди.

Бугун халқимиз эртанги кун, Ватанимиз келажаги, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши ёшларимизнинг қандай таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб келишига боғлиқ эканини чуқур англамоқда. Ахборот алмашинуви шиддатли тус олган бугунги глобаллашув замонида келажак ворисларининг ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етиши учун ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни янада такомиллаштириб бориш заруратини теран ҳис қилмоқда.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун халқимизнинг эзгу орзу-мақсадларига ҳамоҳанг, айни пайтда мамлакатимизда ақлан етук, жисмонан бақувват, маънан соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги ислоҳотларнинг узвий давомини ўзида акс эттирган муҳим ҳужжат бўлди.

– Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ўзининг ташкилий, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам асосига эга бўлиб, у дунё тан олган “ўзбек модели”нинг таркибий қисмидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Одил Тожиев. – Яқинда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам аввало фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлашдек олий мақсадни кўзлайди. Ушбу ҳужжатда ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсадлари, асосий принциплари, йўналишлари, ёшлар сиёсатини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлик тамойиллари белгиланган. Бу борадаги ислоҳотларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари иштирокини янада кучайтиришга эътибор қаратилган. Ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларни ижтимоий муҳофазалаш, тадбиркор йигит-қизларни, истеъдод соҳибларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу қонун навқирон авлод манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришда янги уфқлар очади.

Тўрт боб, ўттиз уч моддадан иборат ушбу ҳужжат очиқлик, қонун ижросида аввало ёшлар иштирокига, уларнинг эзгу ташаббусларига қанот бериш, маънавий-ахлоқий, маданий қадриятларнинг устуворлигини таъминлаш каби тамойилларга таянади. Қонунда ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт ишлари, меҳнат, адлия, ички ишлар, мудофаа, прокуратура идоралари, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларига тааллуқли ваколатлар аниқ белгиланган.

Қонуннинг 23-моддаси ёшларнинг жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзосига айланиши, ижтимоий ҳимоя кафолатларини ўзида акс эттирган. Ушбу моддага кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёшларнинг бепул тиббий хизматга эга бўлиши, бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими, давлат таълим муассасаларида давлат грантлари доирасида бепул олий таълим олиши, уларга ўқиш учун, уй-жой қуриш, олиш ва уни реконструкция қилиш учун имтиёзли кредитлар берилиши, давлат томонидан спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга бориш учун шарт-шароитлар яратилиши, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турар жойлар билан таъминланиши, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий таълим муассасасини битирганидан кейин бандликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, меҳнат соҳасида ёшга доир ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда имтиёзлар берилиши ва ишни таълим билан қўшиб олиб бориш учун шарт-шароитлар яратилиши, ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш чоғида ёшларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олиниши, жамоат транспортидан фойдаланишда имтиёзларга эга бўлиши кафолатланади.

Иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган ёш фуқароларни ишга жойлаштиришга ёрдам қўшимча иш ўринлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни барпо этиш, ўқитиш бўйича махсус дастурларни ташкил этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш жойларининг энг кам миқдори захирасини яратиш йўли билан таъминланади.

Кам таъминланган ёш оилаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий ёрдам бериш чоралари кўрилиши мумкин.

Ўқув жараёни вақтида ўқувчилар ва талабаларни жамоатчилик ишларига жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан улар томонидан танланган мутахассисликка мос ва ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли бўлган ҳоллар ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтида ихтиёрий меҳнат қилган ҳоллар мустасно. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат тўғрисидаги ёки фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, ижодкорлик, бунёдкорлик руҳида камолга етиши учун барча шароит яратилди. Натижада ёшлар Ватан равнақи, оила фаровонлиги замонавий талаблар асосида таълим олиб, касб-ҳунарли бўлиш, ўз вақтда келажакка мустаҳкам пойдевор ҳозирлаш билан чамбарчас боғлиқлигини чуқур англаб улғаймоқда.

Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” каби лойиҳалар ташкил қилиниб, уларда фаол иштирок этган иқтидорли ва ишбилармон ёшларга имтиёзли кредитлар берилмоқда.

Янги қонуннинг 26-моддасида давлат йигит-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини қўллаб-қувватлаши мустаҳкамлаб қўйилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга асос бўлади. Ушбу моддага кўра давлат органлари бундан кейин ҳам ёшлар тадбиркорлигини ташкил этишда кўмаклашади, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш, тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича ўқитишни кафолатлайди. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш махсус дастурлар ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширилади.

– Янги қонунни матбуотда ўқиб, ғурурланиб кетдим, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Андижон давлат университети талабаси Севара Фозилжонова. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган бирорта ислоҳот йўқки, унда ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши, порлоқ келажаги кўзланмаса. Янги қонунда ҳам куч-ғайрат ва қатъият билан замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўзлаштиришимиз, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга эришишимиз учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилиши кафолатланган. Бу эътибор бизни юксак марралар томон олға интилишга, бор куч-ғайратимиз, салоҳиятимизни аямай, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшиб яшашга руҳлантиради.

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни келажагимиз эгаларини ватанпарвар, юртга садоқатли, фаол фуқаролик позициясига эга шахс этиб тарбиялашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Дилшод Каримов, ЎзА