Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2016 13:30 Янги қонунларга шарҳлар

Янги таҳрирдаги Божхона кодекси: замонавий талаб ва меъёрлар, такомиллашган тизим

2016 йил 21 январда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун билан янги таҳрирдаги Божхона кодекси тасдиқланди. Кодекс қоидалари шу йил 21 апрелдан кучга киради.

Кодекс давлатимиз раҳбарининг иқтисодиётни янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият юритишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва эркинлаштиришга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган. Уни тайёрлашда ривожланган мамлакатлар божхона кодексларидаги энг самарали қоидалар, божхона таомилларига оид халқаро конвенциялардаги талаблар эътиборга олинган.

– Амалдаги Божхона кодекси 1997 йилда қабул қилинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи Абдуғофир Қурбонов. – Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида, божхона соҳасида жуда кўп ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Шулардан келиб чиқиб божхона соҳасига оид қонунларга кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Янги таҳрирдаги Божхона кодексида соҳага оид барча меъёрлар тўлиқ қамраб олинган бўлиб, у соҳани тўғридан-тўғри таъсир қилувчи нормалар асосида тартибга солади. Бу божхона иши сифати ва самарадорлигини оширади, божхона маъмурчилигининг барча босқичларида норма ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди.

Янги таҳрирдаги Божхона кодекси 12 бўлим, 59 боб ва 412 моддадан иборат. Унда божхона фаолиятига доир тушунчалар аниқ ва тушунарли тарзда баён этилган: Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди ва чегараси, божхона мақсадлари, юридик ва жисмоний шахслар, товарнинг кузатув ҳужжатлари кабиларга тўлиқ изоҳ берилган.

Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини ташкил этади. Божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек эркин божхона зоналарининг ва эркин омборларнинг тегралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади.

Кодексда товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишга оид қоидалар ўрин олган. Уларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш шартлари, бу жараёнда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган. Демак, товарлар ва транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда, автотранспорт воситасида халқаро ташиш чоғида автотранспорт воситасига тааллуқли, товарга тааллуқли ҳужжатлар талаб этилади. Бу сув, ҳаво, темир йўл транспортида халқаро ташиш кабиларга ҳам тааллуқли.

Божхона режимлари – кодексдан кенг ўрин олган. Божхона режимларининг турларига тўхталадиган бўлсак, булар – экспорт, реэкспорт, вақтинча олиб чиқиш, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш, эркин муомалага чиқариш (импорт), реимпорт, вақтинча олиб кириш, божхона ҳудудида қайта ишлаш, вақтинча сақлаш, божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, бож олинмайдиган савдо, божхона транзити, йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш кабилардир.

Товарларнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши ваколатли шахсларнинг товарларни божхона режимларидан бирига жойлаштириш ва мазкур божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этиш мажбуриятини келтириб чиқаради. Ваколатли шахс товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли. Танланган божхона режими божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун божхона органига тақдим этиладиган божхона декларациясида декларант томонидан маълум қилинади.

Қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, божхона режимида турган товарлар белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин. Божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилиши учун жавобгарлик товарни тегишли божхона режимига жойлаштирган шахснинг зиммасида бўлади.

Айтиб ўтиш ўринлики, шу кунгача битта божхона режими сифатида қараб келинган вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш) божхона режими алоҳида режимларга ажратилган. Ушбу божхона режимларнинг алоҳида божхона режимлари сифатида белгиланиши уларнинг шартлари, талаблари ва товарларни ушбу божхона режимларига жойлаштириш учун тақдим қилинадиган ҳужжатларини алоҳида белгилаш имкониятини яратади.

Кодексда ахборот технологияларини қўллаган ҳолда “бир дарча” принципига асосан рухсат бериш тартиб-таомиллари назарда тутилган. Бу ташқи иқтисодий фаолият учун шарт-шароитларни янада яхшилаш, ташқи савдони амалга оширишда маъмурий ва техник тўсиқларни қисқартириш имконини беради.

Кодексда божхона экспертизасини амалга ошириш масалалари тартибга солинган. Бу соҳада махсус ва илмий кўникмаларни қўллаган ҳолда ўрганишни ташкил этишга, божхона иши соҳасига оид масалаларнинг ечимида муҳим аҳамият касб этади.

Валюта назорати ва ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга оширишда божхона органларининг валюта назоратини амалга оширишдаги ваколатлари белгилаб берилган. Унда мавжуд нормалар Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқлаштирилган. Унга кўра, божхона органлари валюта назоратини амалга оширишда, биргаликда текширувлар ўтказиш, маълумотлар алмашиш, унификациялашган ҳисобга олиш шакллари ва ҳисоботларни қўллаш мақсадида, валюта назорати органлари ва бошқа ташкилотлар билан қонунчиликда белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади.

Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари, товарларни, шу жумладан, товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан аввал уларни декларациялаш ва расмийлаштиришда божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилган. Мазкур масалалар юзасидан божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш учун белгиланган муддатлар анча қисқартирилган.

Тижорат ва нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегараси орқали қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилган. Божхона назоратининг янги шакллари жорий этилган. Жумладан, божхона назорати маълумотлар олиш, божхона кўздан кечируви, товарлар махсус белгилар билан маркаланганлигини текшириш, божхона кузатуви, товарлар чиқарилгандан кейинги божхона назорати каби янги шакллар билан тўлдирилган.

Янги божхона назорати усуллари жорий этилиши, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳуқуқларини чекламайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган товарларни самарали божхона назоратидан ўтказиш ҳамда уларнинг божхона расмийлаштируви муддатларини қисқартириш имкониятини беради.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг янги тартиби белгиланган. Эндиликда бундай ҳуқуқ эгаси контрафакт бўлган товарлар ҳақида етарлича асоси бўлса, божхона органига бундай товарларни муомалага чиқаришни тўхтатиш чораларини кўриш ҳақида ариза киритиши мумкин.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш катта аҳамиятга эга. Жумладан, давлат божхона назоратининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолиятининг тартиби норматив жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур тартиб божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиради. Бу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларини анча енгиллаштиради.

Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг кучга кириши Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади. Ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотларидан ҳимоя қилишнинг, хўжалик юритувчи субъектлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади.

Норгул Абдураимова, ЎзА