Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.10.2017 15:14 Янги қонунларга шарҳлар

Янги қонун кучга кирди: ҳужжатларда акс этган ўзгаришлар

Халқимиз учун зарур қулайликлар яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу мақсад йўлида соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари қабул қилинаётир.

2017 йил 17 октябрда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни шулардан биридир.

Янги қонун билан хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда унинг ҳимоясини кучайтириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ветеринария хизматини такомиллаштириш каби йўналишлар билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчиликка киритилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган.

Янги қонунда айнан шу масала эътиборга олинди. Жиноят қуроли ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети сифатида мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолларда мулкни олиб қўйиш ва мусодара қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қоидалар Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига киритилди.

Бу хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк унинг қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилади. Ана шундай мол-мулкнинг қонуний эгалари аниқланмаган тақдирда у давлат фойдасига ўтказилади.

Маълумки, электр энергияси ва табиий газ кундалик турмушда зарур бўлган ресурслардан. Шу боис аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бироқ, ушбу соҳа таҳлили ўз ечимини кутаётган жиддий муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатган. Масалан, 2016 йил электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ошган. Шунга қарамасдан, масъул идоралар томонидан бундай ҳолатларга нисбатан тегишли муносабат билдирилмаган.

Бундай муаммолар энергия ресурслари учун тўловларни ундириш ҳамда ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни тақозо этди.

Шундан келиб чиқиб, ушбу соҳани тартибга солиш мақсадида Президентимизнинг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бу тизимга энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди. Янги қонун билан ушбу ўзгаришлар қонунчиликда акс эттирилди.

Қонун билан «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига табиий монополия субъектлари товарларига тааллуқли нархлар (тарифлар) лойиҳалари нархларини тартибга солиш органи томонидан кўриб чиқиш муддатини бир ҳафтадан бир ойга узайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 июндаги «Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилди. Бу янги қонунда ўз ифодасини топди.

Шу билан бирга, қонуний асослар ветеринария соҳасидаги фаолиятни бевосита амалга оширувчи ҳамда тадбирлар ва дастурларни рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. Ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижалари амалиётга жорий этилади.

Қонун ривожланган демократик давлатларнинг маъмурий ва жиноят процессуал қонунчилик соҳасидаги тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олиш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилишни таъминлашга замин яратди. Ўз навбатида, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ботир Матмуродов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА






Все о погоде - Pogoda.uz