ЎзА Ўзбек

07.09.2015 19:36 Янги қонунларга шарҳлар

Ветеринария хизматлари такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Ветеринария тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров ва бошқалар ҳайвонларда учрайдиган юқумли касалликларни мамлакатимизга кириб келишининг олдини олиш, аҳолини ушбу хасталиклардан ўз вақтида ҳимоя қилиш долзарб масалалардан эканини таъкидлади.

“Ветеринария тўғрисида”ги қонун лойиҳасида хусусий ветеринария фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ролини ошириш, уларнинг манфаатлари ҳимоясини ва рақобат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Маҳаллий давлат ҳокимиятининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари белгиланган 9-модда иккита янги банд билан тўлдирилди. Улар асосида маҳаллий давлат ҳокимиятига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари пайдо бўлган тақдирда карантин ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ҳудудда чорвачилик ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб ҳудудий давлат ветеринария хизматининг ташкилий тузилмасини шакллантиришда Бош давлат ветеринария инспектори билан келишиш ваколати берилмоқда. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ветеринария соҳасидаги давлат идораларининг ваколатларини аниқ белгилаш мақсадида янги 8-модда киритилган ва Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ветеринария соҳасидаги ваколатлари аниқ баён этилмоқда.

Эпизоотик вазиятларда аҳолига ёрдам бериш, чорва моллари ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг сифатини назорат қилиш, ҳайвонларни эмлаш тадбирлари эътиборга олинган.

Тадбирда янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Сайёра Шоева, ЎзА