ЎзА Ўзбек

30.01.2014 15:53 Янги қонунларга шарҳлар

Васийлик ва ҳомийликнинг ҳуқуқий асоси

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассам. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, меҳр-мурувватга эҳтиёжманд ёш авлодга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб, бу амалда таъминланмоқда.

Жорий йил 3 январда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган.

Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган мазкур қонун 9 боб, 50 моддадан иборат бўлиб, миллий қонунчилигимизнинг илғор тажрибалари ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқий нормалар уйғунлиги асосида ишлаб чиқилган.

Шу ўринда “васийлик” ва “ҳомийлик” тушунчаларига ойдинлик киритиб ўтсак. Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланади. Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, таълим-тарбия бериш, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришдир.

Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ўз вақтида аниқланиши, ҳисобга олиниши ва жойлаштирилишини таъминлашга қаратилган. Бу жараёнда бундай шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиб, уларга зарур ғамхўрлик кўрсатилади.

Васийлик ва ҳомийликни амалга оширишда қонунийлик, меҳр-шафқат тамойилларига амал қилинади. Бу масалада индивидуал ёндашув, болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлиги масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Шунда кўрсатилаётган ғамхўрлик том маънода тўлақонли аҳамият касб этади, оила шароитини, ундаги илиқ муҳитни ҳис этиб улғайган бола келгусида шунга муносиб бўлиб вояга етади.

Қонуннинг 2-бобида васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари белгиланган. Бу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сирасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари киритилган.

Васийлик ва ҳомийлик бўйича фаолиятни амалга ошириш тегишлилигига кўра муайян органларга юклатилади. Васийлик ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Қонунда васийлик ва ҳомийликни белгилаш билан боғлиқ меъёрлар аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Бу шунга муҳтож шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади.

Вояга етган фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин. Буни истаган шахслар туман ёки шаҳар ҳокими номига ариза билан мурожаат қилади. Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий фазилатлари, бурч ва мажбуриятларни бажариш қобилияти инобатга олинади.

Таъкидлаш керакки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган кишилар, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлган фуқаролар, қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас.

Васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, уларнинг номидан ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб барча битимларни тузади. Ҳомийлар ҳам шундай ҳуқуқларга эга, улар ўз ҳомийлигидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади. Уларни учинчи шахслар томонидан бўладиган суиистеъмолликлардан муҳофаза қилади.

Васийлар ва ҳомийлар ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши шарт. Чунки қонун асосида васийлик ва ҳомийлик органлари фаолияти устидан назорат олиб борилади. Бу жараёнда васий ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши таҳлил қилинади. Бу ушбу соҳада тўлақонли фаолият юритилиши, васийликдаги ва ҳомийликдаги шахсларнинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Васийлик ҳам, ҳомийлик ҳам эҳтиёж ва шарт-шароитдан келиб чиқиб тайинланади. Буларнинг бартараф бўлиши васийлик ва ҳомийликнинг тугатилишига олиб келади. Бунга сабаб бўлувчи асослар қонунда аниқ баён этилгани ушбу соҳада муаммога ўрин қолдирмайди. Хусусан, васийлик васийликдаги шахс вафот этганда, вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганда, вояга етмаган бола ота-онасига қайтарилганда, васийликдаги шахс фарзандликка олинганда, фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан тикланганда тугатилади.

Вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлгани сабаб васийлик тугатилгач, васийнинг мажбуриятларини бажарувчи шахс вояга етмаганнинг ҳомийси бўлиб қолиши мумкин.

Ҳомийлик эса ҳомийликдаги шахс вояга етганда, ота-онасига қайтарилганда, фарзандликка олинганда ёки вафот этганда, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда, вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда, ҳомийликдаги шахс никоҳга кирганда, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг соғлиғи яхшиланганда тугатилади.

Мухтасар айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан васийлик ва ҳомийлик соҳасини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий асос яратилди. Бунгача ушбу соҳадаги муносабатлар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган бўлса, эндиликда ягона қонун асосида васийлик ва ҳомийликка олинаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси янада мустаҳкамланди.

Зафар Рўзиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти етакчи илмий ходими.


ЎзА