ЎзА Ўзбек

04.11.2014 17:17 Янги қонунларга шарҳлар

Ҳудудлар ободлиги – фаровон турмуш омили

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Юнусобод туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва саломатлигини муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Юнусобод тумани ҳокими Ш.Азимжонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Туманда еттита йирик саноат корхонаси, бир юз олтмиш бешта қўшма корхона ва беш мингга яқин хусусий тадбиркорлик тузилмалари фаолият юритаётир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ижро этилиши натижасида жорий йилнинг ўтган даврида етти юздан зиёд янги кичик корхона барпо этилди.

Туманда бир минг бир юздан ортиқ кўп қаватли уй мавжуд. Кўп қаватли уйларнинг барчасига иссиқлик етказиб берилди. Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш борасида юзага келадиган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида махсус комиссиялар ва диспетчерлик хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Иссиқлик насос станциялари ва электр энергияси етказиб бериладиган тизимларни модернизациялаш лойиҳалари давом эттирилаётир.

Мактабларнинг 9-синфини тамомлаган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш ва коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминлаш – доимий эътиборда. Ёшлар, хусусан, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оммавий спортни кенг тарғиб этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир. Бу борада мавжуд қирқдан ортиқ спорт майдонидан самарали фойдаланиш ва янги спорт мажмуалари, болалар ўйин майдончаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Қиш мавсумида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда нарх-навони барқарор сақлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда туманда ҳудудларни ўзаро туташтирадиган етти юзга яқин марказий ва ҳудудий кўчалар мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу кўчаларнинг ўн тўрт минг квадрат метрига асфальт ётқизилди.

Тадбирда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бажарилаётган лойиҳалар самаралари ва истиқболдаги вазифалар хусусида маълумот берилди.

Б.Хидирова, ЎзА