Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2016 18:37 Янги қонунларга шарҳлар

Ҳуқуқий сабоқлар

Тошкент 2-юридик коллежида Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда маънавият етакчилари, профессор-ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганини таъкидлади.

Ёшларга оид давлат сиёсати давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимидир.

– Янги қонун ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлашга, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади, – дейди юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова. – Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. Навқирон авлод тақдири давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, ҳуқуқий манфаатлари алоҳида қонун билан ҳимоя қилиниши улар учун улкан имкониятлар эшикларини очиш билан бир қаторда ўғил-қизлар қалбида фахр туйғусини пайдо қилади, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шу сабабли ҳар бир ўғил-қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши, қонунларимизни чуқур ўрганиши, уларнинг мазмун-моҳиятини англаб етиши лозим.

Ушбу қонун ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бир қаторда ҳар бир соҳа вакили зиммасига масъулият юклайди. Қонуннинг 4-моддасида «ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги», 5-моддада «ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш» белгилаб қўйилган. Унда ёш фуқаролар, ёш оилалар, ёш мутахассислар ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари мустаҳкамланган.

Тадбир қизғин мунозараларга бой бўлди. Унда ўқувчилар фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА