ЎзА Ўзбек

14.09.2015 14:37 Янги қонунларга шарҳлар

Ҳуқуқий кафолат – иқтисодий тараққиёт асоси

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва бугунги кунда юксак самаралар бераётган Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли – “ўзбек модели” халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соҳага доир қонунчилик асосларининг такомиллаштирилаётгани, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қирқдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча жиҳатларини қамраб олган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани билан аҳамиятли бўлди.

Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга оид қатор ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари кескин қисқартирилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди. Бу амалда ана шу идораларнинг тадбиркор манфаатини таъминлаш йўлида хизмат қилишига кенг йўл очди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.

Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга кўпроқ эркинлик бериш, дуч келиши мумкин бўлган тўсиқларни олиб ташлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ янгиланиши туфайли кейинги йилларда хусусий мулкнинг ролини ошириш ҳамда ҳимоясини кучайтиришга доир 15 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Охирги тўрт йилда 167 рухсат бериш, 19 лицензияланадиган фаолият тури бекор қилинди. Рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни расмийлаштиришдаги йиғимлар 2 баробар камайди. 65 статистик, 6 турдаги солиқ ҳисоботи амалиётдан чиқарилди.

Наманганда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида ўтказилган конференция-семинарда булар алоҳида таъкидланди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат, суд органлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш механизмлари, уни ҳаётга татбиқ этишда давлат, назорат ва ҳуқуқ органлари олдида турган вазифалар муҳокама этилди.

Олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётимиздаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Наманган вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати 9,7 фоизга етди. Жумладан, саноат ишлаб чиқаришида 15,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 6,1, инвестицияларни ўзлаштиришда 24,1, қурилишда 10,9 фоиз ўсишга эришилди. “2013-2015 йилларда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури” доирасида 41,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 164 лойиҳа амалга оширилди. Режадаги 48,4 миллион доллар ўрнига 55,3 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда вилоятда экспортчи корхоналар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 тага ортиб, улар томонидан 41 турдаги товар ва хизматлар экспорти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, Наманган вилояти прокурори А.Ҳусаинов ва бошқалар мамлакатимизда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди, – дейди Наманган шаҳридаги “Водий ёғоч савдо” хусусий корхонаси раҳбари Исломбек Қутфиддинов. – Мазкур фармон тадбиркорларни корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш, лицензияларни олиш билан боғлиқ оворагарчиликлардан халос этиб, унга кетадиган вақтни ўз фаолиятини ривожлантириш масалаларига йўналтириш имконини кенгайтирди.

Қизғин муҳокамалар, савол-жавоб асосида ўтган анжуманда қонуннинг янги нормаларини аҳолига, хусусан, тадбиркорларга кенг тушунтириш, назорат органлари фаолиятида профилактика тадбирлари устуворлигига эришиш, бизнес субъектларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Конференция-семинарда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА