ЎзА Ўзбек

19.04.2018 12:19 Янги қонунларга шарҳлар

Тоза ҳаво манбаини асрайлик

Ўзбекистон табиати ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, жумладан, ноёб манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда доривор ўсимликларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

Мамлакатимиз ўрмон фондининг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари “Қизил китоб”га киритилган.

Маълумки, ўрмон тоза ҳаво, мўл сув ва унумдор тупроқ манбаи ҳамдир. Аниқланишича, 1 гектар ўрмон йилига ҳавони 60-70 тоннагача чанг ва ғубордан тозалаши мумкин. Бу эса унинг атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятининг нечоғлик катта эканидан далолатдир.

Маълумот учун: ўтган асрнинг 90-йиллари бошида давлат ўрмон фонди ерлари ҳажми республика умумий ер майдонининг бор-йўғи 5 фоизини ташкил этган. Бугунги кунда эса ушбу кўрсаткич 25,2 фоиздан иборатдир. Яъни республикамиз ер майдонининг тўртдан бир қисми ўрмон фонди ерлари ҳисобланади.

Ўрмонлардан маданий-эстетик, санитария-соғломлаштириш ҳамда экотуризм мақсадларида самарали фойдаланиш мумкин. Шу боис ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга эътибор кучайди. Соҳага илғор илмий-техника ютуқларини жорий этиш, ўрмон хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 майдаги фармони билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилгани бу борада муҳим қадам бўлди.

Ўрмон хўжалигини ривожлантириш мақсадида соҳага оид ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилмоқда. Бу борада 2018 йил 17 апрелда янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Қонунда ўрмон хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Мазкур йўналишлар ўрмон хўжалигини ривожлантиришга оид давлат дастурлари ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тегишли нормаларни белгилаш ва давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим жиҳатларни қамраб олган. Бу ўрмон хўжалигини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.

Давлат органларининг, жумладан, Ўрмон хўжалиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталарининг ўрмон хўжалиги соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўрмон хўжалигида давлат экологик назоратини юритади. Табиий ресурслар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди.

Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрмон хўжалиги соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва амалга ошириш борасидаги ваколатлари ҳам мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўрмонни муҳофаза қилиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш ва маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашдаги иштироки ҳам белгиланди. Эндиликда ушбу субъектлар ўрмон хўжалиги соҳасига оид давлат ва ҳудудий дастурларни амалга оширишда иштирок этиш билан бир қаторда бу борада жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширади.

Ўрмонларни муҳофаза қилиш масаласи қонундан алоҳида ўрин олган. Энди ўрмон фонди ерларидан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишда тегишли тартибда чеклов ва тақиқлар белгиланади. Ўрмондан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ва унга зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олиш, ўрмон кадастрини юритиш, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш каби тадбирлар амалга оширилади.

Шунингдек, ўрмондан умумий ва махсус фойдаланиш билан боғлиқ асосий қоидалар такомиллаштирилди. Жумладан, ўрмондан фойдаланишда дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш мумкин. Балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун фойдаланиш, экологик туризмни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланилади.

Ўрмонларда пичан ўриш давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоби"га киритилган, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни, шунингдек, заҳарли, гиёҳвандлик моддалари мавжуд бўлган ўсимликларни фуқаролар томонидан ўрмондан йиғиш тақиқланади.

Ўрмон хўжалиги соҳасида илғор тажрибага эга давлатларнинг қонунчилик амалиётини ҳисобга олган ҳолда, ўрмонларда чорва молларини ўтлатиш қоидалари такомиллаштирилди. Қонунда белгиланишича, чорва молларини ўтлатиш ўрмонларда ёввойи ҳолда ўсувчи камёб ва қимматли ўсимлик турларининг кўпайишига, ёввойи ҳайвонларнинг ҳаёт кечиришига салбий таъсир қилмаслиги, шунингдек, эрозия ҳолатларини келтириб чиқармаслиги лозим.

“Ветеринария тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, ўрмон ҳудудида ветеринария-лаборатория кўригидан ўтган чорва молларигина ўтлатилади.

Бундай қоидаларнинг белгиланиши ўрмонларда биологик хилма-хилликнинг барқарор ривожланишига, ҳайвонот дунёсини ҳайвонларнинг юқумли ва бошқа касалликларидан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Ўрмонларга салбий таъсирларнинг ўз вақтида олдини олиш учун ўрмонлар мониторинги юритилади.

Қонунда белгиланган нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўрмон хўжаликларида тизимли ишлар олиб борилишига, мамлакатимиз ўрмон хўжалиги соҳасида замонавий ижтимоий-иқтисодий муносабатлар қарор топишига хизмат қилади.

Баҳодир Тожиев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва
экология қўмитаси раисининг ўринбосари.

ЎзА