ЎзА Ўзбек

22.08.2014 13:33 Янги қонунларга шарҳлар

Тезкор, қулай ва ишончли

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Банклар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилоятидаги тижорат банклари, микрокредит ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжат асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуни жорий йил биринчи июлдан кучга кирди. Янги қонун банк-молия соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, кредиторлар ва қарздорлар ўртасидаги мажбуриятларни тартибга солиш, уларнинг ягона реестрини юритиб, соҳага оид ахборотлар ишончлилигини таъминлашга йўналтирилгани билан эътиборга сазовордир.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ Марказий банк ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Гаров реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Айни пайтда гаров реестри интернет тармоғидаги garov.uz сайти орқали амалга оширилмоқда.

– Қонунга мувофиқ корхонамизга мурожаат этган ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс билан тузиладиган шартнома асосида ёзув киритиш учун гаров реестрига кириш, ундан реал вақт режимида, жумладан, интернет ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имконияти яратилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси раҳбари Шерзод Холиёров. – Юридик ва жисмоний шахсларга гаров реестридан фойдаланиш бўйича маслаҳат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Гаров реестридаги ахборотни қарздор – солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки ёзувнинг ягона рўйхатдан ўтказиш рақами бўйича излаш имконияти таъминланаётир. Фойдаланувчи киритилган ёзув тўғрисида электрон шаклда, зарур ҳолларда эса қоғозда ахборот олиши мумкин.

Янги қонун қарздорларнинг мажбурияти бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида бериб қўйган мол-мулкига нисбатан кредиторнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлади. Шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликларнинг олдини олиш, халқаро андозаларга мос замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Мазкур қонун кредит бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириб, улар ўртасида ҳалол рақобатни кучайтиришга хизмат қилади, – дейди “Ҳамкорбанк”нинг Денов филиали истеъмол кредитлари бўйича менежери Нурбек Шеров.– Фуқароларнинг ўз мулкини гаровга қўйган ҳолда молия муассасалари кредитидан фойланиш имкониятини кенгайтиради. Тадбиркорлик субъектларининг мавжуд мол-мулкидан таъминот сифатида фойдаланиб, ўз бизнесини ривожлантиришига кўмаклашади. 

Семинарда гаров реестрига ёзувларни киритиш тартиби ва шартлари, уларни ўзгартириш ва ўчириш, гаров реестрида ёзувларни қидириб топиш йўллари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

ЎзА, Х.Маматрайимов