ЎзА Ўзбек

16.01.2014 19:36 Янги қонунларга шарҳлар

Тезкор-қидирув фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили миллий қонунчилигимизнинг асосини ташкил этади. Уни амалда изчил таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, жиноятчиликка қарши курашиш, жиноят содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ унинг олдини олиш ҳамда ўз вақтида тўхтатиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш принциплари, асослари, шакл ва услублари, уни олиб борадиган органлар тизими белгиланган мазкур қонун 2013 йил 25 декабрда кучга кирди.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши демократик давлатларнинг умумэътироф этилган амалиётига тўлиқ мос келади. Бу қонун, ўз навбатида, жиноят содир этилишининг дастлабки босқичларидаёқ уларнинг олдини олиш ва ўз вақтида тўхтатиш бўйича чораларнинг самарадорлигини оширади. Шунингдек, суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, аввало, ички ишлар идораларининг бу соҳадаги фаолияти янада либераллашувини таьминлашга хизмат қилади.

Мазкур қонун кучга киргунига қадар амал қилган тезкор-қидирув фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида тезкор-қидирув фаолиятига оид умумий нормаларгина белгиланган бўлиб, тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни амалга ошириш принциплари, шунингдек, бундай тадбирларни ўтказишнинг механизми ва тартиби аниқ белгиланмаган эди. Бу эса, соҳани тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатини қабул қилишни тақозо этди.

Кучга кирган янги қонунда тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари аниқ баён этилган. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлат манфаатлари хавфсизлигини таъминлаш соҳанинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Жиноятларнинг олдини олиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солаётган шахслар, ҳодисалар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар ҳақида ахборот тўплаш ҳам шулар жумласига киради.

Тезкор-қидирув фаолиятининг асосий принциплари – қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлигидан иборатдир.

Қонуннинг 10-моддасига биноан мамлакатимизда тезкор-қидирув фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, Давлат божхона қўмитасининг, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг органлари амалга оширади. Бошқа давлат органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш тақиқланади.

Бу орқали юқорида номи зикр этилган органларнинг тезкор-қидирув фаолияти соҳасидаги мақоми аниқ белгиланди. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда мажбуриятлари мустаҳкамланди.

Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари ва уларни ўтказиш тартиби маълумотлар тўплаш, қиёсий текширув учун намуналар йиғиш, предметлар ва ҳужжатларни текшириш, тезкор кузатув, хабарларни назорат қилиш, телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш, тезкор эксперимент кабилардан иборатдир. Бундай тадбирларни амалга ошириш учун жиноят ишининг мавжудлиги, суриштирув, тергов органларининг ёзма топшириғи, прокурорнинг кўрсатмаси ва топшириғи кабилар асос бўлади.

Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган хабарлар сир сақланиши ҳуқуқини, шунингдек, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига прокурор санкцияси орқали йўл қўйилади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, юқоридаги каби тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбарининг асослантирилган қарори асосида йўл қўйилади. Прокурор бу ҳақда йигирма тўрт соат ичида албатта хабардор қилинади.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг фуқаролар ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда қонуний манфаатларини хавф остига қўядиган, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этиши қонун асосида тақиқланади. Бу меъёр мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, унинг олий қадрият сифатида эъзозланишининг яна бир далилидир.

Шуни таъкидлаш керакки, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларини ва бундай фаолиятни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масаласига янги қонунда алоҳида ўрин берилган. Жумладан, уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий имтиёзлар берилади. Уларнинг ўзи ҳамда оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус чора-тадбирлар назарда тутилади.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга кўмаклашаётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади. Бундай шахслар тезкор-қидирув фаолияти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан белгиланган миқдорларда тақдирланиш ҳуқуқига эга.

Тезкор-қидирув фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида соҳада қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат олиб борилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Мухтасар айтганда, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ушбу соҳани тартибга солувчи пухта ҳуқуқий асосдир. Шу билан бир қаторда, ушбу қонун жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича чораларнинг самарадорлигини, шунингдек, суриштирув ва дастлабки терговнинг сифатини янада оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, тезкор-қидирув хусусиятидаги тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда қонунийликка риоя қилишнинг реал ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Эркин Ҳайитов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бўлим бошлиғи


ЎзА