ЎзА Ўзбек

16.09.2015 18:05 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий ҳимояси

Навоийда “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари, тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари Б.Исоқов, Навоий вилояти прокурори А.Тўхтабоев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий иқтисодиётимиз жадал ривожланаётгани, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг етакчи кучга айланаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Навоий вилоятида 7 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиётида хусусий секторнинг улушини янада кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 260 миллиард 400 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 3,1 фоизга ўсишида муҳим омил бўлди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,6 фоиз, истеъмол товарлари 13,6, қурилиш ишлари 7,1, чакана савдо айланмаси 15,2, хизматлар ҳажми 17,8 фоизга ўсишига эришилди. Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ижобий ўсиш кузатилди. Натижада ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш белгиланган режага нисбатан 6,8 фоизга ўсди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойида 33 турдаги тайёр маҳсулотлар ташқи бозорга етказиб берилиши натижасида режа 114,6 фоизга бажарилиб, экспорт кўрсаткичи 232,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ҳудудий экспорт ҳажми 117,6 фоизга етказилиб, қарийб 30 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 191,6 миллиард сўм қийматидаги 446 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, пировардида 5,9 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш белгиланган. Иккинчи чорак якунига қадар 34,1 миллиард сўм миқдоридаги 243 лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 1 минг 750 дан зиёд аҳоли бандлиги таъминланди. 133 кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, улар томонидан 18 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу қўшимча 603 янги иш ўрни яратиш имконини берди.

Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳисобига 24 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Бугун вилоятда кичик бизнес соҳасида банд бўлганлар сони 245 минг 200 нафарга етди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, турли имтиёз ва преференциялар жорий этиш, улар фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган ғов ва тўсиқларга барҳам бериш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилаётгани, янги норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилаётгани бунда муҳим омил бўлаётир.

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони биз, тадбиркорлар фаолияти самарадорлигини ошириш учун ғоят муҳим ҳужжат бўлди, – дейди Навоий шаҳридаги “Baht-textil” корхонаси директори Фурқат Турсунов. – Кейинги йилларда хусусий сектор вакилларига яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, қарийб 19 миллиард сўмлик модернизация ишларини амалга оширдик. Натижада корхонамизда йиллик ип-калава ишлаб чиқариш қуввати 7,5 минг тоннадан 9 минг тоннага етди. Айни пайтда 600 ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган корхонада 2016 йилда модернизация жараёнларининг иккинчи босқичини бошлаймиз. Бу ишлар якунига етгач, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 11 минг тоннага етади, қўшимча 80 янги иш ўрни яратилади.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони талаблари асосида вилоятда кичик бизнес субъектларига янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида жорий йил якунига қадар туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Конференция-семинарда тадбиркор ва фермерларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА