ЎзА Ўзбек

26.08.2015 16:00 Янги қонунларга шарҳлар

Тадбиркорлик тараққиётини таъминловчи ҳуқуқий асослар

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, жумладан, янги иш бошлаётган тадбиркорларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл очмоқда.

Қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилгани ва унинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари таъминланаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрлар амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.

2015 йил 21 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан мазкур қонун мазмун-моҳияти, уни бир хилда қўллаш масалаларига бағишланган видеоконференция ташкил этилди. Онлайн режимида ўтказилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ҳам иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Адлия вазирининг ўринбосари А.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунларнинг такомиллашаётгани иқтисодиётимиз барқарорлиги, турмушимиз фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Қабул қилинган қонун бизнес субъектларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш баробарида уларнинг фаолиятини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулкнинг улушини изчил ошириш билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришга замин яратди.

Қонун билан амалдаги 10 кодекс ва 33 қонунга тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Анжуманда қонундаги янгиликлар нафақат иқтисодий, балки кўпгина ижтимоий масалаларни ҳам ҳал этиши аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Тадбир иштирокчилари фикрига кўра, мазкур қонун мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.

Тадбирда қонунни аниқ ва бир хилда қўллаш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Видеомулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Норгул Абдураимова, ЎзА